Ҳиндистон мусулмонларни Бангладешга мажбуран чиқариб юборяпти – ОАВ
Олам
−
19 Июнь
7958Ҳиндистон ҳукумати мамлакатдаги мусулмон фуқароларини Бангладешга ноқонуний равишда депортация қилмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ушбу амалиёт “бегона”лар – яъни бошқа миллат ва дин вакилларига қарши оммавий таъқибларга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, Бангладеш чегарачилари чиқариб юборилганларни қабул қилмаяпти ва уларни орқага қайтармоқда.
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг маълумотига кўра, сўнгги ҳафталарда Ҳиндистон полицияси бутун мамлакат бўйлаб минглаб одамларни – асосан мусулмонларни Бангладешдан ноқонуний равишда кирганликда гумон қилиб ҳибсга олган. Кўпинча, уларга нисбатан ҳуқуқий жараёнлар амалга оширилмаган ва улар Бангладешга чиқариб юборилган.
Адвокатларнинг сўзларига кўра, депортация қилинганлар орасида Ҳиндистон фуқаролари ҳам бўлган. Айрим ҳолларда, чегарадан чиқишга қаршилик қилганларга Ҳиндистоннинг чегара хизмати қурол билан таҳдид қилган.
Бангладеш чегарачиларининг маълумотларига кўра, шунга ўхшаш 200 нафарга яқин инсон қайтиб юборилган, чунки уларнинг Ҳиндистон фуқароси экани аниқланган. Улар орасида узоқ ва қийин йўлни босиб ўтиб, уйига қайтганлар ҳам бор.
Бангладеш Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масала юзасидан Ҳиндистонга расмий мурожаатлар билан хатлар юборгани ва чегара орқали одамларни ўтказишдан олдин келишув талаб этилишини таъкидлаган. Аммо бу мурожаатларга Ҳиндистон томони жавоб бермаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон аҳолиси ҳозирда тахминан 1,5 миллиард кишини ташкил этгани, келажакда эса бу рақам яна 200 миллионга ошиши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси