Ҳиндистон Қатарда ўлимга ҳукм қилинган фуқароларини озод қилмоқчи
Олам
−
30 Октябрь 2023
6499Ҳиндистон Қатарда ўлим жазосига ҳукм қилинган саккиз нафар фуқаросини озод қилишга интилмоқчи. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
У Қатарда ўлимга ҳукм қилинган ҳиндларнинг оилалари билан учрашганини айтган.
"Ҳукумат бу ишга жиддий эътибор қаратади ва [маҳкумлар] оилаларининг ташвиши ва дардига тўлиқ шерикдир. Ҳукумат уларни озод қилиш учун барча саъй-ҳаракатларини давом эттиради", деб ёзган вазир.
Жайшанкарнинг сўзларига кўра, мамлакат расмийлари бу масалада уларнинг оилалари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
Маълумот учун, 2022 йил август ойида бир гуруҳ Ҳиндистон фуқаролари Исроил фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, Қатарда ҳибсга олинган. Қатар ҳукумати уларга қўйилган айбловларни расман ошкор этмаган. Уларнинг барчаси Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ ходимлари, жумладан, илгари ҳинд ҳарбий кемаларига қўмондонлик қилган юқори мартабали зобитлардир. Ҳибсга олинишидан олдин улар Қатар Қуролли Кучларига таълим ва бошқа тегишли хизматлар кўрсатувчи Dahra Global Technologies and Consultancy Services хусусий компаниясида ишлаган. “India Today” журналининг хабар беришича, Ҳиндистон денгиз флоти зобитлари Қатарнинг сувости кемалари дастурига жалб қилинган ва Қатар томони уларни бу маълумотни Исроилга етказишда айбламоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қатар биринчи инстанция суди ҳиндистонликларни ўлимга ҳукм қилганди. Ўшанда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги суд қароридан ҳайратда қолганини билдирган.
LiveБарчаси