Ҳиндистон гуруч экспортига чеклов киритди
Олам
−
26 Август 2023
4891Ҳиндистон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида гуруч етказиб беришга қўшимча чекловлар киритди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Маълум бўлишича, мамлакат ҳукумати гуручга 20 фоизлик экспорт божи жорий этган ва уни чет элга етказиб беришни қарийб 80 фоизга қисқартирган. Белгиланган чекловларнинг расмий сабаби Ҳиндистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш экани айтилмоқда.
Мазкур чекловлар Ҳиндистон гуручнинг энг йирик экспортчиси мақомига эга бўлганлиги сабабли жаҳон бозорларида унинг нархи кескин кўтарилишига олиб келиши мумкин.
“Бу ҳаракат билан ички нархлар тушади ва бу ҳукуматга озиқ-овқат инфляциясини назорат қилишга ёрдам беради”, дейди Гуруч экспортчилари уюшмаси президенти Кришна Рао.
Ҳиндистон расмийларининг қўшимча қилишича, янги қоида жорий этилишидан олдин келишувга эга бўлган экспортчиларга дон жўнатишга рухсат берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия гуруч ва гуруч ёрмаларини экспорт қилишга вақтинчалик тақиқ жорий қилган эди. Мамлакат Бош вазир Михаил Мишустин томонидан имзоланган тегишли фармонда мазкур чекловлар жорий йилнинг 31 декабрига қадар амал қилиши белгиланган.
Шунингдек, Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини Қирғизистон Республикасидан олиб чиқиш (экспорт)ни вақтинчалик тақиқлаш тўғрисида”ги қарорини ишлаб чиққан эди. Ушбу қарор билан Қирғизистон ички истеъмол бозорида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида 2023 йилнинг охирига қадар айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортини тақиқлаш кўзда тутилган. Жумладан, бундай маҳсулотлар туркумига ем-хашак (пичан, сомон, аралаш озуқа, кепак ва ем маҳсулотлари), арпа, буғдой, гуруч ва жўхори киради.
LiveБарчаси