Ҳарри Кейнга рицарлик унвонини бериш таклиф қилинди
Спорт
−
21:00 422 2 дақиқа
Британия парламенти депутати Лайла Моран Англия миллий терма жамоаси ҳужумчиси Ҳарри Кейнни футболга қўшган ҳиссаси учун рицарлик унвони билан тақдирлашни таклиф қилди. Бу ҳақда Либерал-демократлар партиясининг расмий сайти хабар берди.
“Ҳарри Кейн майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам ҳақиқий етакчилик ва мустаҳкам характер намунасини намоён этди. У мамлакатимизни буюк қиладиган қадриятларни муносиб тарзда ифода этмоқда”,дейилади Лайла Моран томонидан тақдим этилган петицияда.
Шунингдек, депутат Кейннинг Жаҳон чемпионати 1/16 финалида Конго Демократик Республикасига қарши ўйинда урган икки голи унга мундиаллар тарихидаги голлари сонини 13 тага етказиш имконини берганини таъкидлади. Шу тариқа, англиялик ҳужумчи ушбу кўрсаткич бўйича бразилиялик афсона Пелени ортда қолдирган.
Кейннинг дубли эвазига Англия Конго Демократик Республикасини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, 1/8 финалга йўл олди. Англияликлар ушбу босқичда жорий йилнинг 6 июль куни турнир мезбони Мексикага қарши баҳс олиб боради.
Маълумот учун, Кейн 2018 йил Россия мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатидан сўнг Британия империяси ордени билан тақдирланган эди. Бу мукофот рицарлик унвонига олиб борувчи муҳим босқичлардан бири ҳисобланади.
Британия империяси ордени 1917 йилда қирол Жорж V томонидан таъсис этилган. Орден беш даражадан иборат бўлиб, энг юқори икки тоифа соҳибларига автоматик тарзда рицарлик унвони берилади.
32 ёшли Ҳарри Кейн ҳозирча катталар ўртасидаги фаолиятида жамоавий йирик совринни қўлга киритмаган. Шу боис унга рицарлик унвони берилиши масаласи Британияда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлиши кутилмоқда. Таққослаш учун, Англия терма жамоаси ва “Манчестер Юнайтед”нинг собиқ ярим ҳимоячиси Дэвид Бекхэм 2025 йилда, профессионал фаолиятини якунлаганидан 12 йил ўтиб, рицарлик унвони билан тақдирланган эди.
Live
Барчаси