Ҳар қандай шахсни унинг розилигисиз суратга олиш тақиқланиши мумкин
Жамият
−
15 Март
3290Эндиликда умумий қоида тариқасида ҳар қандай кишини фото ёки видео тасвирга олиш ёки ушбу тасвирдан фойдаланиш учун унинг розилиги талаб қилиниши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган тегишли қонун лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, инсонларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқини мустаҳкамлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан миллий ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва 30 га яқин хорижий давлатлар тажрибаси таҳлил қилиниб, тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ҳамда аҳоли фикрини ўрганиш мақсадида жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилган.
Лойиҳага кўра, эндиликда умумий қоида тариқасида, ҳар қандай кишини фото ёки видео тасвирга олиш ёки ушбу тасвирдан фойдаланиш учун унинг розилиги талаб қилинади.
Шу билан бирга, лойиҳада қуйидагилар белгиланмоқда:
- 16 ёшдан бошлаб ўсмирлар уларни тасвирга олиш, тасвирдан фойдаланиш учун мустақил розилик бера олади;
- жамоат жойларида ва оммавий тадбирларда тасвирга олиш учун рухсат талаб қилинмайди;
- давлат хизматчиларини хизмат вазифасида чекловсиз тасвирга олиш ва тасвирдан фойдаланиш мумкин;
- ноқонуний ҳаракатларни тасвирга олиш учун розилик шарт эмас;
- видеокузатув тизимлари ҳақида огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилиши шарт;
- кишиларнинг қисман ёки тўлиқ кийимсиз бўлишни тақозо этадиган жойларда (тиббиёт хонаси, ҳаммом, кийим алмаштириш хоналари ва бошқа) видеокузатувни амалга ошириш тақиқланади.
- Агар тасвирдан розилик берилган мақсаддан бошқа мақсадда ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган тарзда фойдаланилса, розилик чақириб олиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун билан Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот ходимлари хизмат вазифасини бажараётган вақтда фото ва видеога олиб, уларни обрўсизлантирадиган тарзда бузиб тарқатганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача жаримага ёки 10 суткагача қамоқ жазосига тортилиши белгиланган эди.
LiveБарчаси