Қозоғистон учинчи давлатларга картошка экспортини тақиқлади
Олам
−
29 Январь
117452025 йил 28 январдан бошлаб Қозоғистон ҳудудидан учинчи давлатларга картошка олиб чиқишга тақиқ жорий этилди. Бу ҳақда Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликнинг таъкидлашича, қўшни давлатлар томонидан Қозоғистон картошкасига юқори талаб сақланиб қолмоқда. 2024 йил якунларига кўра, мамлакатдан 605 минг тонна картошка экспорт қилинган бўлиб, бу 2023 йилдаги ҳажм (411 минг тонна) билан солиштирганда 1,5 баравар кўп.
“Бу кўрсаткич сўнгги 10 йил ичида рекорд даражага етди ва ички нархларга сезиларли таъсир кўрсатди”, дея изоҳ берилган вазирлик баёнотида.
Ички бозордаги вазиятни барқарорлаштириш ва нархларнинг кескин ўсишининг олдини олиш мақсадида Ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссия Қозоғистондан барча турдаги транспорт воситалари орқали картошка олиб чиқишни чеклаш тўғрисида қарор қабул қилган.
Чеклов Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларига татбиқ этилмайди, яъни ушбу мамлакатларга экспорт давом этади. Қарор 2025 йил 18 январь куни қабул қилинган бўлиб, уни Қишлоқ хўжалиги вазири 27 январь куни имзолаган. Чекловлар олти ой давомида амал қилади.
“Бу чоралар картошка нархининг сунъий ошиб кетишига ва бозордаги спекулятив ҳаракатларнинг олдини олишга ёрдам беради”, дейилади вазирлик баёнотида.
Маълумот учун, Ўзбекистон ЕОИИга аъзо давлат ҳисобланмайди. Бироқ 2020 йил 11 декабрдан кузатувчи мақомга эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2025 йил январь ойи бошидан бугунги кунгача картошканинг улгуржи нархлари 6 200 сўмдан 7 000 сўмгача ёки 12,9 фоизга кўтарилгани хабар қилинганди.