Айрим тоифадаги фуқароларнинг Ўзбекистондан чиқишига тақиқ қўйилмоқда

Жамият

image

Бугун, 12 март куни Олий Мажлис қонунчилик палатаси мажлисида жиноят процессида мажбурлов чоралари институтини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, янги таҳрирдаги Конституцияда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги энг муҳим кафолатлардан бири сифатида ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқларини қонун билан муҳофаза қилиш, жабрланганларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун давлат шарт-шароитлар яратиши белгиланган.

Бироқ жиноят содир этган шахсларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган ҳолларда, ушбу шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини тарк этиб суриштирув, тергов ёхуд суддан яшириниш ҳолатлари кузатилмоқда. Оқибатда жиноятдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш, уларга етказилган зарарларни қоплаш имконияти пасаймоқда.

Жиноят содир этган шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган ҳолларда, шахснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишини олдини олиш учун самарали механизм мавжуд эмас. Хусусан, шахсга тилхат, кафиллик, гаров, уй қамоғи каби эҳтиёт чоралар қўлланилса-да, қонунчиликда мутасадди идораларнинг уни давлат чегарасидан ўтишни чеклаш бўйича ваколатлари назарда тутилмаган.

Шунингдек, Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоевга кўра, уларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши тергов ва суд жараёнларининг чўзилишига, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тикланиб, одил судловни таъминлашга тўсқинлик қилмоқда. Таҳлилларга кўра, 2020-2024 йилларда жиноят содир этиб, тергов ва суддан яширинган 23 минг 863 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган. Қидирув эълон қилинган шахсларнинг 21 минг 238 нафари (89 фоизи) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетган.

Ушбу қонун лойиҳаси билан айрим қонун ҳужжатларига гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган, бироқ Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини тарк этиб суриштирув, дастлабки тергов ёхуд суддан узрли сабабларсиз бўйин товлаши мумкинлигига етарли асослар мавжуд бўлганда суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан уларнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш тартиби белгиланмоқда.

Қуйидаги ҳолларда мамлакатдан чиқиш ҳуқуқи вақтинчалик чекланган шахсга муайян муддатга хорижга чиқишга рухсат берилиши мумкин:

  • шахснинг хорижда жиноят процессида иштироки зарурлиги вужудга келганда;
  • унинг соғлиғи ёмонлашиб, Ўзбекистон ҳудудида тиббий ёрдам кўрсатиш имкони йўқ бўлганда;
  • унинг яқин қариндоши вафот этганда.

Мақола муаллифи

Теглар

жиноят Ўзбекистон тақиқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг