Расман: энди ИИО ходимларининг тасвирини бузиб тарқатганлар жазоланади
Жамият
−
21 Февраль
3456Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот ходимлари хизмат вазифасини бажараётган вақтда фото ва видеога олиб, уларни обрўсизлантирадиган тарзда бузиб тарқатганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача жаримага ёки 10 суткагача қамоқ жазосига тортилади. Бу кеча, 20 февраль куни қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун билан белгиланди.
Қайд этилишича, ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 195-2-моддаси киритилган. Унга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган фото ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш, шу жумладан интернет жаҳон тармоғида тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқарганлик ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгилангани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси