Ҳабиб UFC’дан кетиш сабабини айтди
Спорт
−
14:46 2429 2 дақиқа
Собиқ UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов UFC бош директори Дана Уайтнинг даъволарини рад этиб, аралаш яккакураш спортни пул сабаб тарк этмаганини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram’даги саҳифасида маълум қилди.
Дана Уайт ноябрь ойида “Prince St” YouTube каналига берган интервьюсида Нурмагомедов UFC’нинг Яқин Шарққа кенгайиши ортидан пайдо бўлган молиявий имкониятлар туфайли фаолиятини якунлаганини айтган эди. У, шунингдек, Ҳабибнинг отаси вафоти ҳам бу қарорга таъсир қилганини таъкидлаган.
“Баъзан интернетда шундай сарлавҳаларни ўқийман. Мен интернетдаги ҳар бир гапга изоҳ берадиган одам эмасман, лекин Дана бунақа гапирса, бу ҳамма жойга тарқалади. Бу мутлақо ёлғон. Ҳеч ким менга миллионлар бермаган. Менинг кўп пул топганим учун спортни тарк этганим ҳақидаги гаплар ҳам ёлғон. Бутун дунё ҳақиқий сабабни билади. Мен бу ҳақда аввал ҳам кўп марта гапирганман ва яна такрорлашнинг ҳожати йўқ”, деб ёзди Нурмагомедов.
37 ёшли Нурмагомедов 2020 йил октябрь ойида америкалик Жастин Гетжи устидан қозонилган ғалабадан сўнг фаолиятини якунлаган эди. Ўша жангда у UFC енгил вазн тоифаси чемпионлик камарини учинчи марта муваффақиятли ҳимоя қилган.
Ғалабадан кейин Ҳабиб онасига бу унинг охирги жанги бўлишига ваъда берганини ва отасисиз жанг қилишни истамаслигини айтганди. 2020 йил июль ойида унинг отаси ва мураббийи Абдулманап Нурмагомедов коронавирус асоратлари туфайли вафот этган эди.
Фаолияти давомида Ҳабиб Нурмагомедов 29 та жанг ўтказиб, бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган.
Live
Барчаси