Мактаблар аккредитациядан ўтказилади
Жамият
−
26 Январь
17831Бугун, 26 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълими сифатини яхшилаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда таълим сифатини ошириш узлуксиз жараён экани урғуланиб, шу мақсадда килинадиган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда ҳудудлардаги 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилган. Натижада илғор хорижий тажриба асосида вазиятни таҳлил қилиш, муаммони ечиш, жамоада ишлаш каби амалий машғулотлар улуши 60 фоизга етказилган.
“Келгуси ўқув йилига қадар ушбу баҳолаш тизимини халқаро тестология мезонларига мослаштириш зарурлиги айтилди. Мактабларнинг ўзи ҳам аккредитациядан ўтказилади. Бу халқаро баҳолаш мезонларини миллий тизимга жорий қилиш, мактабларни бошқариш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Педагогларнинг билим ва маҳорати масаласига эътибор қаратилар экан, Малака ошириш марказлари эскича ишлаётгани, илмий салоҳияти юқори эмаслиги қайд этилган. Шу боис 14 та ҳудуддаги бундай марказларни фаолиятини қайта кўриб чиқиш, ўқитувчиларни касбий ривожлантириш дастурларини жорий этиш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, мактабларда хорижий тил бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг ўқув режаларини бу билан уйғунлаштириш зарур экани таъкидланди. Хорижий тилни интенсив тарзда ўргатиш амалиётини ҳам кенгайтириш лозимлиги айтилди.
Бундан ташқари, хусусий мактаблар учун лицензия талабларини янада соддалаштириш, кредит, солиқ ва коммунал тўловлардан қўшимча енгилликлар бериш бўйича таклифлар билдирилди.
Мутасаддиларга таълим ташкилотлари фаолияти ва таълим сифати мониторинги платформасини ишга туширишга топшириқ берилди.
Йиғилишда таъкидланишича, таълимнинг барча бўғинларида ислоҳотларни ягона концепция асосида амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ташкил қилинади. У боғча, мактаб, касбий ҳамда олий таълимда ўқув стандарти ва дастурларини илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқишга масъул бўлади.
Ўз навбатида, давлат раҳбари мактаблар фаолиятида маҳалла раиси ва фаолларининг ўрни катта бўлиши кераклигини таъкидлади.
“Маҳалладаги муҳит, аҳоли бандлиги кўп жиҳатдан ёшлар таълим-тарбиясига боғлиқ. Шундай экан, маҳалла раиси ота-оналар билан бирга мактаблар ҳаётида фаол қатнашиши, ёшларнинг билими ва касб эгаллашига эътиборли бўлиши керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.
LiveБарчаси