Ўзбекистонда “Салимбойвачча”дан ёрдам сўраган депутатни ҳибсга олишга қарор чиққан – Ташиев

Олам

image

Аввалроқ ўзбекистонлик “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиев билан яширин учрашув ўтказиш учун чегарани кесиб ўтган қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев қидирувга берилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон суди уни  ҳибсга олиш учун қарор чиқарган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилди. 

“Жамғирчиев у ерда нима қилгани, кимлар билан учрашгани, қандай ҳужжатларни олиб кетганини аниқладик. Буларнинг барчаси бир йил давом этди. Биз ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ҳамкорликда ишлаймиз”, деган Ташиев.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон махсус хизматлари Жамғирчиевга нисбатан чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун жиноий иш қўзғатган. У қидирувга берилганлар рўйхатига киритилган. Ўзбекистонда суд уни ҳибсга олишга қарор қилган. Аммо Ўзбекистонда бу ҳақда расмий маълумот берилмади.

“Жамғирчиевни ҳеч ким махсус таъқиб қилмаган. Агар у чегарани қонуний равишда кесиб ўтган бўлса, унга ким нима дерди? Чегарани бемалол кесиб ўтиб, хоҳлаган одам билан учрашиб, қайтиб кетарди. Лекин бу ерда қонун бузилиши бор ва биз бунга муносабат билдиришимиз керак. Бу шунчаки процедура”, дейди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

Унинг қайд этишича, депутат қонунларни билиши шарт.

“Шу боис ҳам, тажриба ва билимга эга депутатларни ишга олинг, деб кўп айтамиз. Жамғирчиев махсус ҳужжатларни олиб, бошқа давлатга жўнаб қолган. Бу махфий ҳужжатлар бўлса-чи? У парламентдан ҳужжатларни олиб, дўсти орқали бошқа давлатга ўтгани учун қонун олдида жавоб бериши керак”, дейди Ташиев.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил декабрь ойида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси пойтахтда криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётганини маълум қилган эди. Тадбир давомида Салим Абдувалиев Тошкентнинг Файзобод даҳасида жойлашган уйида қўлга олинганди. 

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевга кўра, Салим Абдувалиевнинг ноқонуний қурол сақлаётгани аниқланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси билан иш қўзғатилган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда. 

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Тошкентда қўлга олинган Салим Абдувалиев қўйиб юборилгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. QALAMPIR.UZ ушбу гаплар ортидан тушиб, уларга қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилмаганини аниқлаганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Салим Абдувалиев Эмил Жамғирчиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made