Наманганда PUBG аккаунтини сотиб олмоқчи бўлган йигит чув тушди
Жамият
−
21 Октябрь 2023
15072Наманган вилояти Норин туманида яшовчи 21 ёшли Т.И.нинг банк картасидан жами 17 млн 315 минг сўм миқдоридаги пул номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилди. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Тезкор ўтказилган тадбирлар давомида мазкур жиноятни Самарқанд вилояти Самарқанд туманида яшовчи 21 ёшли А.И. содир этганлиги аниқланган.
“А.И. жабрланувчи Т.И. билан Telegram мессенжерининг “monstersavdo” номли канали орқали танишиб, унга гўёки кучайтирилган PUBG аккаунтини сотиши ҳақида айтиб, алдов йўли билан ўзининг банк картасига олдиндан 17 млн 315 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказдириб олган”, дейилади хабарда.
Шундан сўнг, ўзаро келишмовчилик туфайли 12 млн сўм пулларини қайтарган, қолган қисмини эса ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.И.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
LiveБарчаси