Алиев Эрдўған ва Путин билан Қорабоғдаги операция ҳақида гаплашди 

Олам

image
0:00
0:00
download

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев туркиялик ва россиялик мавқедошлари Ражаб Тойиб Эрдўған ва Владимир Путин билан телефон орқали Қорабоғдаги аксилтеррор чораларини якунлаш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Озарбайжон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Эрдўған билан суҳбат кеча, 20 сентябрь куни Туркия томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган. Телефон мулоқоти чоғида маҳаллий аксилтеррор тадбирларини якунлаш, Озарбайжоннинг Қорабоғ минтақасида ноқонуний гуруҳларни қуролсизлантириш юзасидан фикр алмашилган.

“Давлат раҳбарлари Озарбайжон ва Туркия ҳамиша бир-бирига яқин эканини алоҳида таъкидлади. Президентлар ўзаро манфаатли масалалар, жумладан, бўлажак алоқалар ва стратегик иттифоқлар истиқболлари юзасидан фикр алмашди”, дейилади хабарда. 

Шундан сўнг, Озарбайжон томонининг ташаббуси билан Илҳом Алиев ва Владимир Путиннинг мулоқоти ташкиллаштирилган.

“Илҳом Алиев 20 сентябрь куни Қорабоғда Россия тинчликпарвар контингенти (РМК) ҳарбий хизматчиларининг фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан узр сўради ва чуқур ҳамдардлик билдирди. Воқеа бўйича чуқур текширув ўтказилиши ва барча айбдорлар муносиб жазоланиши ни таъкидлади. Бу борада икки давлат бош прокуратуралари яқиндан алоқада. Озарбайжон Президенти ҳам қурбонларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди”, дейилади Кремль хабарида.

Қайд этилишича, Владимир Путин Қорабоғдаги арман аҳолисининг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини айтган. Озарбайжон томонининг Россия тинчликпарвар кучлари билан ушбу масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёрлиги тасдиқланган.

Музокаралар йўлида 2020-2022 йилларда энг юқори даражадаги таниқли уч томонлама келишувларга мувофиқ, биринчи навбатда, транспорт алоқаларини блокдан чиқариш, Озарбайжон-Арманистон чегарасини делимитация қилиш ҳамда Баку ва Ереван ўртасида тинчлик шартномасини тайёрлашга келишиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш мақсадида” маҳаллий аксилтеррор чоралари бошланганини эълон қилганди. Баку тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси нишон эмаслигини таъкидлаганди. Кейинчалик Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хавфли ҳудуддан аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар ва қабул пунктлари яратилганини билдирган. Воқеалар фонида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиб, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилган. Мажлисдан сўнг, Пашинян Арманистон Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудидаги ҳарбий амалиётларда қатнашишни режалаштирмаётганини маълум қилди. Франция эса БМТ Хавфсизлик кенгашининг Тоғли Қорабоғдаги вазият бўйича фавқулодда йиғилишини талаб қилди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Озарбайжоннинг (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилиб, томонларни музокаралар столига чақирди. 20 сентябрга келиб Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маълум шартлари асосида аксилтеррор ҳаракатлари тўхтатилганини эълон қилди. Шундан сўнг, Никол Пашиня Арманистон халқига мурожаат йўллади. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам ўз халқига мурожаат қилиб, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги “аксилтеррор операцияси”нинг вазифалари якунлангани ва мамлакат суверенитети тикланганини маълум қилди.
 
Бугун, 21 сентябрь куни Қорабоғ арман жамияти вакиллари Озарбайжоннинг масъул вакили билан учрашиш учун Евлах шаҳрига етиб келди. У ерда Озарбайжон ҳукумати вакиллари ва Қорабоғнинг арман аҳолиси ўртасидаги музокаралар бўлиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Туркия Озарбайжон Илҳом Алиев Путин Эрдўған Қорабоғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг