Илҳом Алиев Озарбайжон суверенитети тикланганини эълон қилди
Олам
−
21 Сентябрь 2023
5815Кеча, 20 сентябрь оқшомида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўз халқига мурожаат қилиб, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги “аксилтеррор операцияси”нинг вазифалари якунлангани ва мамлакат суверенитети тикланганини маълум қилди.
“Бир кун ичида Озарбайжон маҳаллий аксилтеррор чоралари доирасида белгиланган барча вазифаларини бажарди. Террорчилар йўқ қилинди ва арман томони ўз провокацияларига муносиб жавоб берилишини яна бир бор англаб етди”, дейди Алиев.
Унинг сўзларига кўра, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғда жойлашган арман армиясининг катта қисми “бутунлай йўқ қилинган”.
“Арман ҳарбий техникаси йўқ қилинди ва яроқсиз ҳолга келтирилди”, деган Президент.
Алиевнинг айтишича, 2020 йил ноябрида Иккинчи Қорабоғ урушидан кейин тузилган келишувга зид равишда Арманистон уч йилдан бери ўз Қуролли кучлари ва техникасини Озарбайжон ҳудудидан олиб чиқмаган.
Шунингдек, Президент операция бошланишидан олдин Қорабоғдаги арман аҳолиси ҳужумга учрамаслигини талаб қилганини билдирган.
“Биз бунга юқори аниқликдаги қуроллар ва қуролли кучларимизнинг профессионаллиги ёрдамида эришдик. Шу билан бирга, фуқаролик инфратузилмасига ҳам зарар етказмаслик, балки ҳарбий инфратузилмани ўчириб қўйиш кераклиги ҳақида кўрсатмалар берилди”, деган Алиев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш мақсадида” маҳаллий аксилтеррор чоралари бошланганини эълон қилганди. Баку тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси нишон эмаслигини таъкидлаганди. Кейинчалик Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хавфли ҳудуддан аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар ва қабул пунктлари яратилганини билдирган. Воқеалар фонида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиб, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилган. Мажлисдан сўнг, Пашинян Арманистон Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудидаги ҳарбий амалиётларда қатнашишни режалаштирмаётганини маълум қилди. Франция эса БМТ Хавфсизлик кенгашининг Тоғли Қорабоғдаги вазият бўйича фавқулодда йиғилишини талаб қилди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Озарбайжоннинг (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилиб, томонларни музокаралар столига чақирди. 20 сентябрга келиб Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маълум шартлари асосида аксилтеррор ҳаракатлари тўхтатилганини эълон қилди. Шундан сўнг, Никол Пашиня Арманистон халқига мурожаат йўллади.
LiveБарчаси