Мирзиёев Жаҳон банки гуруҳи президенти билан учрашди

Жамият

image
0:00
0:00
download

20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди

Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилган. 

Мирзиёев суҳбат аввалида Ажай Бангани Жаҳон банки гуруҳи президенти лавозимида иш бошлагани билан табриклаган ҳамда унинг раҳбарлигида банк мамлакатларнинг барқарор иқтисодий ривожланишига фаол кўмаклашишига ишонч билдирган. 

Улар учрашув давомида қуйидаги стратегик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилган.

  • хусусийлаштириш ва самарали давлат бошқаруви соҳаларида банкнинг экспертлик ва техник кўмагини кенгайтириш;
  • карбонсизлаштириш;
  • муқобил энергетика;
  • инфратузилма ва коммуникациялар;
  • сув таъминоти бўйича лойиҳаларни молиялаштириш ва уларга хусусий инвестициялар, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида маблағ жалб қилиш;
  • Трансафғон темир йўлини қуриш.

Шунингдек, банкнинг дунё бизнеси етакчи вакилларидан иборат Маслаҳат кенгаши Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилган. Ўз навбатида, Ажай Банга мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли шерикликни бундан буён ҳам давом эттиришга тайёрлигини билдирган. 

Айтиш жоиз, Ўзбекистон Жаҳон банкининг энг йирик ҳамкор-бенефициарларидан бири ҳисобланади, сўнгги олти йилда қўшма лойиҳалар портфели беш баробардан зиёдга кенгайди. 2026 йилга қадар мўлжалланган ва жами 4 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи ҳамкорлик дастури Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг барча устувор йўналишларини қамраб олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Футбол ассосиациялари халқаро федерацияси (FIFA) раҳбари Жанни Инфантино билан учрашув ўтказган эди. Шунингдек, Президент “Boston Consulting Group” компанияси раиси Рич Лессерни ҳам қабул қилганди.

Акобир Сайидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Жаҳон банки

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг