Жаҳон банки Қозоғистонни минтақавий етакчига айланишини башорат қилмоқда
Олам
−
16 Январь
8337Жаҳон банки Қозоғистоннинг минтақадаги етакчи мавқеини янада мустаҳкамлашни кутмоқда. Бу ҳақда молия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова республика Бош вазири Алихон Смаилов билан учрашувда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Жаҳон банки мамлакат ичида янги лойиҳаларни тайёрлашни фаоллаштирган, бунга 2023 йил август ойида бўлиб ўтган музокаралар ёрдам берган. Бу Вазирлар Маҳкамасининг олис аҳоли пунктларини интернет тармоғига улаш дастурига ҳам тегишли.
“Менимча, бу Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун жуда яхши намуна бўлади. Ўйлайманки, Қозоғистоннинг минтақавий етакчи сифатидаги роли кучаяди”, дейди Проскурякова.
Ўз навбатида, Смаилов Жаҳон банки билан 30 йилдан ортиқ ҳамкорликда республикада умумий қиймати 8 миллиард доллардан ортиқ бўлган 48 та қўшма лойиҳа муваффақиятли амалга оширилганини, айни пайтда олтита фаол лойиҳа ишлаб чиқилаётганини айтган.
“Қозоғистон ҳукумати Жаҳон банки билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тарафдори”, дейди Вазирлар Маҳкамаси раҳбари.
Музокаралар чоғида иқтисодиётни ривожлантириш, рақамлаштиришни амалга ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг декабрида Жаҳон банки Ўзбекистонга махсус имтиёзли шартлар асосида 800 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратди. Мазкур ислоҳотлардан кўзланган мақсад мамлакатнинг бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштириш, фуқароларга тенг иқтисодий имкониятларни таъминлаш ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиши учун мустаҳкам замин яратишдан иборат.
LiveБарчаси