Самарқанд аэропортида нархларни хорижий валютага тенглаштиришга рухсат берилди
Жамият
−
12 Май 2022
6376“Самарқанд” халқаро аэропортини бошқарувчи “Air Marakanda” компаниясига иш ва хизматлар нархлари чет эл валюталарига боғланишига рухсат берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Самарқанд” халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш бўйича лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарорда келтирилишича, “Uzbekistan Airports” АЖ ва “Air Marakanda” МЧЖ ХК ўртасида “Самарқанд халқаро аэропорти” МЧЖ иштирокида 2021 йил 22 сентябрда имзоланган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва унга 2022 йил 7 февралда қўшимча келишув битими (кейинги ўринларда — Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим) тузилган.
Ҳужжат билан давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим ва Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ уларнинг амал қилиш муддати давомида Хусусий шерик томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига боғланишига рухсат берилди.
Шунингдек, Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш доирасида Хусусий шерикка, лозим бўлган барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланган ҳолда, истисно тариқасида:
• кредит олиш ва ундан фойдаланиш учун Хусусий шерикнинг хорижий кредитор банкларида банк ҳисобварақлари очишга;
• кредит хорижий банк томонидан ажратилган тақдирда, хорижий пудратчилар ва етказиб берувчиларга ушбу кредит маблағлари ҳисобидан тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан, тўғридан-тўғри амалга оширишга рухсат этилди.
Бундан ташқари, “Uzbekistan Airports”нинг “Самарқанд” халқаро аэропортини модернизация қилиш учун Япония халқаро ҳамкорлик банкидан жалб қилинган кредитни қайтариш учун Давлат шеригига (“Uzbekistan Airports”) Хусусий шерик (“Air Marakanda” МЧЖ) томонидан тўланадиган белгиланган шаклдаги тўловлар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.