Хитой “Толибон”ни қўллаб-қувватлашга ваъда берди

Олам

image
Афғонистондаги воқеалар Тожикистонга хавф солса, Россия ёрдам беради — Шойгу north_east

Афғонистондаги воқеалар Тожикистонга хавф солса, Россия ёрдам беради — Шойгу

Хитой “Афғонистондаги барқарорликни тиклаш жараёнида” “Толибон” ҳаракатининг ролини қўллаб-қувватлашга ваъда берди. Тегишли баёнотни Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазири Ван И Тяньцзинь шаҳрига етиб келган “Толибон” ҳаракати делегацияси билан музокаралар пайтида маълум қилди.  

Музокаралар чоғида Ван И “Толибон”дан Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати билан барча алоқаларни узишни талаб қилган. 

Ўз навбатида, Хитой ҳукумати Афғонистоннинг ички ишларига аралашмасликка ваъда берган, аммо мамлакатда тинчлик ўрнатишга ёрдам беришга тайёрлигини билдирган. 

“Биз ҳар доим бутун афғон халқига нисбатан дўстона сиёсат юритганмиз. АҚШ ва НАТО қўшинларининг Афғонистондан шошилинч равишда олиб чиқиб кетилиши бу мамлакатда Америка стратегиясининг барбод бўлганидан далолат беради. “Толибон” ҳарбий ва сиёсий куч сифатида Афғонистонда ҳал қилувчи роль ўйнайди ва биз ишонамиз-ки, “Толибон” у ерда тинчлик ва барқарорликни тиклашнинг асосий омилига айланади”, деган Ван И. 

Ҳаракат вакиллари Хитойга, айниқса, коронавирусга қарши курашда афғон халқи билан доимий ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдириб, Афғонистон ҳудуди бошқа давлатларга қарши ишлатилмаслигига ишонтирган. 

Маълумот ўрнида, Хитой-Афғонистон чегарасининг майдони 76 километрни ташкил қилади, аммо у вақти-вақти билан уйғур мусулмонларининг расмийларга қарши оммавий намойишлари ёки қуролли ҳаракатлари бўлиб турадиган Хитойнинг энг нотинч минтақаси — Шинжон-Уйғур автоном вилояти орқали ўтган. Тяньцзиндаги музокаралар июль ойи ўрталарида радикал ҳаракат жангарилари Вахан чегара уездини ўз назорати остига олиб, Хитой билан чегарага етиб келганидан кейин биринчиси ҳисобланади. 

Биринчи марта Хитой 2019 йил июнь ойида “Толибон” делегациясини расмий равишда қабул қилган. Бироқ, баъзи маълумотларга кўра, Хитой вакиллари ва “Толибон” ўртасидаги алоқалар Покистон воситачилиги билан анча олдин бошланган.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Толибон

Баҳолаганлар

227

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг