Хитойда пора олган мансабдор ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
14 Ноябрь
11137Хитойнинг Гуандун провинцияси Умумхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Чэнь Цзисин пора олишда айбдор деб топилиб, шартли ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Хитой суди хабар берди.
Жорий йилнинг 12 ноябр куни Чэнь Цзисиннинг пора олиш билан боғлиқ иш бўйича биринчи инстанция суд ҳукми эълон қилинди.
“Таъсир ўтказиб пора олиш жинояти учун икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 200 минг юань жарима солиш белгиланди; шунингдек, ўлим жазосининг кечиктирилган ижросини, сиёсий ҳуқуқлардан умрбод маҳрум қилишни ва мулкни мусодара қилишни давом эттиришга қарор қилинди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Чэнь Цзисин ўзи ёки бошқалар орқали 2012-2022 йиллар давомида ноқонуний совғалар олиб келган. У ўз жиноятларини тан олиб, чин дилдан афв сўраб, мол-мулкларнинг катта қисмини қайтариб берган, бу эса унинг жазони енгиллаштиришига асос бўлган. Суд бу ҳолатларни ҳисобга олиб, пора олиш жинояти учун ўлим жазосини кечиктиришга ва таъсир ўтказиб пора олиш жинояти учун жазони енгиллаштиришга қарор қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хитой Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари Фан Йифеи пора олишда айбдор деб топилиб, шартли ўлим жазосига ҳукм қилинганди. У судда Марказий банк ва бошқа молия институтларидаги, жумладан, Хитой қурилиш банкидаги юқори лавозимидан фойдаланган ҳолда 386 миллион юандан (54,55 миллион доллар) кўпроқ қийматдаги мол-мулкни ноқонуний қабул қилишда айбдор деб топилган.
Муҳаммад Ҳодиев