Афғонистонда ҳарбий ташкилотлар қурол тарқатиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди
Олам
−
09 Ноябрь
2602Афғонистонда "Толибон" муваққат ҳукуматининг мудофаа вазирлиги, ички ишлар вазирлиги ва разведка бош бошқармаси қурол-яроғ, ўқ-дорилар ҳамда ҳарбий техникани тарқатиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Толибон” олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода тегишли фармонни имзолади.
"Толибон" муваққат ҳукуматининг матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид фармон имзоланганини эълон қилди ва бундан буён қуролдан тўғри фойдаланиш ва хавфсизлик учун қурол ҳамда ўқ-дорилардан ҳар қандай фойдаланиш ёки тарқатиш фақат раҳбарнинг бевосита буйруғи билан амалга оширилишини қўшимча қилган. Унинг сўзларига кўра, мазкур фармон саккиз банддан иборат. Қурол бериш учун эндиликда Охундзоданинг ўзи шахсан масъул бўлади.
“Ушбу чора қурол ва бошқа ҳарбий воситалар керак бўлмаган ҳолатларда ишлатилмаслиги ҳамда бу қуролларнинг умумий хавфсизлигини ошириш учун қурол-яроғнинг яхшироқ ҳимоясини таъминлашга қаратилган”, дейди Мужоҳид.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул Матин Қани, шунингдек, директивага батафсил тўхталиб ўтиб, бундан буён омборларда сақланаётган барча қурол-яроғ ва жиҳозлар фақат олий раҳбарнинг буйруғи билан тарқатилишини таъкидлаган.
Ҳарбий масалалар бўйича эксперт Залмай Афғон Яр кўрсатмани ижобий қадам сифатида баҳолаган.
“Ҳукуматда ҳар доим қуролни шахсий манфаати учун суиистеъмол қилган шахслар бўлган”, дейди у.
Фармонга кўра, фуқаролик ташкилотлари, савдогарлар ва фуқароларга ўқотар қурол лицензиялари фақат ички ишлар вазирлиги томонидан берилиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати эркакларга жинси шим кийишни ва турли соч турмагини тақиқлаганди. Афғон эркакларига жинси шимлар ва соч турмагидан ташқари, соқолларини калта кесиш, шунингдек, хотини ёки қариндошларидан бошқа аёлларга қараш ҳам тақиқланган.