Афғонистондаги воқеалар Тожикистонга хавф солса, Россия ёрдам беради — Шойгу
Олам
−
28 Июль 2021
7054Афғонистондаги воқеалар муносабати билан Тожикистон хавфсизлигига таҳдид солинган тақдирда Россиянинг ҳарбий 201-базаси Тожикистонга ҳарбий ёрдам беради. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу маълум қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу маълум қилди.
“Албатта, биз чегарада содир бўлаётган барча воқеаларни ва жангариларни Тожикистон ҳудудига кўчиришга уринишларни эътиборсиз қолдирмаймиз. Шунинг учун мен шубҳасиз айтишим мумкинки, иттифоқдошимиз — Коллектив Хавфсизлик Шартномаси аъзосига таҳдид бўлган тақдирда, албатта, Россия бунга муносабат билдиради”, деган Шойгу.
Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийлари Афғонистон ҳудудига турли давлатлар, шу жумладан Сурия ва Ливиядан ИШИД жангариларининг фаол кўчиб ўтаётганини қайд этмоқда.
“Биз, албатта, Афғонистонда миллатлараро ярашувга эришилади, деб умид қиламиз. Аммо шу билан бирга ИШИД бўлинмалари у ерга турли минтақалардан, шу жумладан Сурия, Ливиядан қанчалик фаол кўчиб ўтаётганини кўряпмиз”, деган Шойгу.
Маълумот ўрнида, Россиянинг 201-ҳарбий базаси Тожикистоннинг икки шаҳри — Душанбе ва Бохтарда жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида Россия Қуролли кучлари бўлинмалари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳарбийлари билан қўшма машғулотлар ўтказади. Август ойидаги ҳарбий машғулотлар Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри полигонларида, сентябрь ойидаги эса Қирғизистоннинг “Эдельвейс” ўқув маркази базасида бўлади.
1-10 август кунлари эса Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги Хатлон йўналишида ҳарбий машғулотлар бўлиб ўтади. Хабарга кўра, Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг терроризмга қарши қўшма машғулотлари Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасида жойлашган “Харбмайдон” ҳарбий полигонида бўлиб ўтади. Машғулотларда уч давлатнинг ҳаво кучлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари, зирҳли техника ва махсус кучлари иштирок этади.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси