Байден Хитой раҳбари билан учрашади
3-саҳифа
−
14 Ноябрь
4018АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден жорий йилнинг 16 ноябрь куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан Перудаги Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик форумида учрашиши мумкин. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, икки раҳбар глобал масалаларни, жумладан, Вашингтон ва Пекин ўртасидаги кескинликнинг кучайишини қамраб олувчи музокаралар ўтказиши кутилмоқда. Бу Байден ва Си Цзиньпиннинг апрель ойидаги телефон суҳбатидан кейинги биринчи расмий мулоқоти бўлади.
Маълумот учун, Байден ва Си Цзиньпиннинг сўнгги учрашуви 2023 йил 15-16 ноябрь кунлари бўлиб ўтган. АҚШ Президенти Жо Байден ва Хитой Раиси Си Цзинпин ўзаро кўришиб, музокаралар олиб борганди. Учрашув Сан-Франциско яқинидаги Филоли қароргоҳида APEC (Осиё-Тинч океани минтақаси иқтисодий ҳамкорлиги) саммити доирасида бўлиб ўтган.
Ўшанда бу Хитой раҳбарининг АҚШга олти йил ичидаги биринчи ташрифи ва Жо Байден ҳамда Си Цзиньпин бир йилдан ортиқ вақт ичида ўтказган биринчи икки томонлама учрашув бўлган.
АҚШ ва Хитой тўғридан тўғри ҳарбий алоқаларни тиклашга келишган. Пекин ва Вашингтон 2022 йил августида АҚШ Вакиллар палатаси собиқ спикери Ненси Пелоси Тайванга борганда юқори даражадаги ҳарбий алоқаларни узганди. АҚШ ва Хитой гиёҳванд моддаларни, жумладан, фентанил каби синтетик гиёҳванд моддаларни глобал ноқонуний ишлаб чиқариш ва савдосига қарши курашни кучайтиришга келишиб олган. Хитой фентанил ишлаб чиқариш билан боғлиқ маҳсулотлар экспорти шароитини қаттиқлаштиришга рози бўлган.
Шунингдек, ўшанда АҚШ ва Хитой сунъий интеллект тизимлари билан боғлиқ хавфларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида келишиб олган. Бу мақсадда икки давлат ҳукуматлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилади. Байден ва Си бир-бирига доимий йўловчи ташиш рейсларини сезиларли даражада ошириш устида ишлашга ваъда берган. Икки давлат раҳбарлари таълим, талабалар, маданият, спорт ва бизнес алмашинувларини кенгайтириш тарафдори эканини айтган.
Тайвань борасида Байден АҚШнинг “ягона Хитой” сиёсати ўзгармаганини, аммо АҚШ статус-квонинг ҳар қандай бир томонлама ўзгаришига қарши эканини билдирган. Си Цзиньпин Тайвань масаласини Хитой-Америка муносабатларидаги “энг муҳим ва нозик” масала деб атаган. Хитой раҳбарига кўра, АҚШ “Тайвань мустақиллиги”ни қўллаб-қувватламаслик позициясини аниқ ҳаракатларда ифодалаши, Тайванни қуроллантиришни тўхтатиши ва Хитойни тинч йўл билан бирлаштиришни қўллаб-қувватлаши керак.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь