Путин Тожикистонга келди 

Олам

image

Бугун, 8 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Тожикистонга келди. Бу ҳақда “Sputnik Тожикистон” хабар берди.

Қайд этилишича, Владимир Путиннинг сафари уч кун – 8 дан 10 октябргача давом этади. Президент ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, сафар уч қисмдан иборат: давлат ташрифи, “Россия-Марказий Осиё” саммити ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммити.

Давлат ташрифи 8-9 октябрь кунларига мўлжалланган. Дастурга кўра, бугун, 8 октябрь куни Путин Душанбедаги “Дўстлик” майдонида Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гулчамбар қўяди, сўнг Раҳмон билан норасмий кечки овқатда суҳбатлашади. Эртага, 9 октябрь куни эрталаб “Миллатлар саройи”да Путиннинг Раҳмон билан икки томонлама расмий музокаралари – аввал тор доирада, сўнг кенгайтирилган таркибда бўлиб ўтади.

Ушаковнинг маълум қилишича, Россия делегацияси таркибига ҳукуматнинг 20 дан ортиқ аъзоси кирган: Бош вазир ўринбосаларлари Алексей Оверчук ва Марат Хуснуллин (Россия томонидаги ҳукуматлараро комиссия раҳбари), Мудофаа вазири Андрей Белоусов, Россия Гвардияси раҳбари Виктор Золотов, Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев, Иқтисодий тараққиёт вазири Максим Решетников, Молия вазири Антон Силуанов, Адлия вазири Константин Чуйченко, Саноат ва савдо вазири Антон Алиханов, Меҳнат вазири Антон Котяков, Таълим вазири Сергей Кравцов, Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко, Транспорт вазири Андрей Никитин ва бошқалар.

Музокараларда сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт ва халқаро кун тартибига оид кенг доирадаги масалалар муҳокама қилинади.

“Хусусан, миграция масалалари ҳам кўтарилади. Сиз эътибор берган бўлсангиз, мен Ички ишлар вазири Колокольцевни делегация таркибида тилга олдим”, дейди Юрий Ушаков журналистларга.

Давлат ташрифи якунида Президентлар стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот имзолайди, тахминан 15 та ҳужжат алмашилади ва ОАВ учун чиқиш қилинади.

“Россия-Марказий Осиё” саммити эртага, 9 октябрь куни тушдан кейин бошланади. Бу форматдаги учрашувларнинг иккинчиси бўлади – биринчиси 2022 йил октябрида Остонада ўтказилган. Ушбу форматда Владимир Путин Марказий Осиёнинг беш давлати – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Президентлари билан учрашади. Ушаковнинг айтишича, кун тартибида савдо-иқтисодий, молиявий, инвестицион, саноат, логистика, энергетика ва бошқа соҳалардаги олти томонлама ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади. 

“Алоҳида эътибор Афғонистон ва Яқин Шарқдаги вазиятни инобатга олган ҳолда минтақавий хавфсизликни таъминлаш вазифаларига қаратилади”, дейди Россия Президентининг ёрдамчиси.

Якуний ҳужжат сифатида етакчилар 20 дан ортиқ банддан иборат коммюнике қабул қилади.

10 октябрь куни Душанбеда МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ўтказилади. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этади. Дастлаб фақат давлат раҳбарлари ва МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев иштирокидаги тор доирадаги йиғилиш бўлади, сўнгра тушлик атрофида кенгайтирилган таркибдаги учрашув ўтказилиб, унда Сергей Лебедев ҳамда Россия инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова сўзга чиқади.

Саммитда давлат раҳбарлари янги формат – “МДҲ+”ни ташкил этиш масаласини муҳокама қилади. Бу форматга учинчи мамлакатларнинг қўшилиши назарда тутилади. Ўхшаш тизим BRICS ва ШҲТ доирасида ҳам амал қилади. Владимир Путин ўз нутқи давомида МДҲ раҳбарларини декабрь охирида анъанавий тарзда ўтказиладиган норасмий учрашувга Санкт-Петербургга таклиф қилади. Унинг аниқ санаси ҳозирча белгиланмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9-10 октябрь кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Владимир Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг