Мирзиёев Тожикистонга боради

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9-10 октябрь кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Душанбе шаҳрида ўтадиган “Марказий Осиё - Россия” форматидаги иккинчи саммит ва МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.

Бўлажак тадбирлар кун тартибидан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, шу жумладан сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика ва инфратузилма соҳаларида кооперация қилиш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари ўрин олган.

Етакчилар халқаро кун тартиби ва минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб жиҳатларини ҳам муҳокама қилади.

Саммитлар якунида амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор қўшма ҳужжатлар ва қарорлар қабул қилиниши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 31 март куни амалий ташриф билан Хўжанд шаҳрига борганди. Аэропортда давлат раҳбарини Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон тантанали тарзда кутиб олди.

Кун тартибидан эса бир қатор тарихий масалалар ўрин олганди. Хусусан, Хўжандда Тожикистон билан узоқ йиллик зиддиятларга барҳам берган Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бўлди.

Мирзиёев, дастлаб, Имомали Раҳмон билан учрашув ўтказиб, унда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш, иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш муҳокама қилинди. Минтақа ичидаги энг муҳим қадамлар бири ташланиб, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳам кучга кирди. 31 март куни икки давлат ўртасидаги музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон ҳузурида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг кучга кириши ҳақидаги баённомани имзоладилар ва ратификация ёрлиқларини алмашди ва шу кундан эътиборан бу ҳужжат кучга кирди. Маълумот ўрнида, мазкур шартнома ўтган йили 18 апрель куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги икки томонлама саммитда имзоланган эди.

Шундан сўнг, Хўжанд шаҳрида Мирзиёев, Раҳмон ва Жапаров ўртасида учрашув бошланди. Қўшни давлатлар ўртасидаги мазкур уч томонлама учрашув якунида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди ҳамда давлат раҳбарларининг Қўшма декларацияси қабул қилинди.

Имомали Раҳмон Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида уч давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзоланганини “жуда муҳим воқеа”, деб баҳолаган. Президент Мирзиёев Тожикистон ва Қирғизистон томонларини барча масалалар узил-кесил ҳал этилгани ҳамда Давлат чегарасини делимитация қилиш тўғрисидаги шартнома имзолангани билан самимий табриклади.

Очиғини айтганда, мазкур учрашувлар рамзий маъноларга бой бўлди. Биринчи навбатда бу музокаралар мазкур уч қўшни мамлакатни боғлаб турувчи Хўжанд шаҳрида ўтказилгани бунинг далилидир. Бундан ташқари, Хожандда ўтган олий даражадаги тадбирлар дастурига мувофиқ Шавкат Мирзиёев, Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров уч мамлакат давлат чегаралари туташган ҳудудда Дўстлик стеласини тантанали равишда очишди.

Уч мамлакат Бош вазирлари ўринбосарлари видеоалоқа орқали давлат раҳбарларига қурилиш ишлари якунлангани ва объект тайёрлиги тўғрисида ахборот берди. Маросим чоғида давлат раҳбарлари бир вақтнинг ўзида махсус стендга ўрнатилган тугмани босди. Уч мамлакат Бош вазирлари ўринбосарлари тасмани кесиб, стелани расман очди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Тожикистон Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг