Саидов Қозоғистон ТИВнинг янги раҳбари билан гаплашди
Жамият
−
29 Сентябрь 2025 3047 2 дақиқа
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қозоғистон Ташқи ишлар вазири этиб тайинланган Ермек Кошербаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram саҳифасида ёзди.
Саидов мавқедошини янги лавозим билан табриклаб, муҳим миссиясида муваффақиятлар тилади. Суҳбат чоғида томонлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш, шунингдек, минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазирликлари икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш йўлида яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этиши таъкидланди.
Маълумот учун, 2023 йилнинг апрель ойидан буён бош вазир ўринбосари ва ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлаб келган Мурат Нуртлеу 26 сентябрь куни лавозимидан озод этилган ва Президентнинг халқаро инвестициялар ва савдо ҳамкорлик масалалари бўйича ёрдамчиси этиб тайинланган эди. Ермек Кошербаев янги Ташқи ишлар вазири этиб тайинланганди.
Расмий маълумотларга кўра, Ермек Кошербаев 1965 йил 2 май куни Олмаотада туғилган. У Киров номидаги Қозоғистон давлат университетини тамомлаган. Шунингдек, 1993 йилда СССР Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатия академиясида “халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат” бўйича таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини 1988 йил январидан май ойигача Олмаотадаги 170-ўрта мактабда тарих фани ўқитувчиси сифатида бошлаган. 1988–1991 йилларда Қозоғистон ССР Ташқи ишлар вазирлигида катта инспектор, иккинчи котиб ва биринчи котиб лавозимларида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига билан учрашганди.
Моҳичеҳра Қадамова
Live
Барчаси