Саидов Украина ТИВ раҳбари билан нималарни муҳокама қилди?
Олам
−
26 Сентябрь 4295 1 дақиқа
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири (ТИВ) Бахтиёр Саидов БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига билан учрашди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram саҳифасида ёзиб қолдирди.
Саидовга кўра, суҳбат давомида савдо, инвестиция, таълим ва маданий ҳамкорлик каби икки томонлама муносабатлардаги долзарб масалалар, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама алоқаларнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинган.
“Учрашувимиз Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги мулоқотни янада чуқурлаштириш, шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда халқларимиз манфаатлари йўлида янги имкониятларни очиш борасидаги қатъий интилишимизни тасдиқлади”, дейилади Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг хабарида.
Сибига ҳам ўзининг Х саҳифасида учрашувни тасдиқлаб, дўстона мулоқот бўлиб ўтганини таъкидлаган.
“Сиёсий мулоқотни қайта тиклаш, томонларни қизиқтирган соҳаларда икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдик. Украина Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш ва Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлаш тарафдори”, дея пост қолдирган Сибига.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг Киев вилояти ҳудудидаги иссиқхоналардан бирида 13 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг оғир ахволда “қул” сифатида ишлатилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси мамлакатнинг ТИВ ва Бош прокурори офисига тегишли ноталар юборганди.
Live
Барчаси