Украинада қулликда сақланган 13 ўзбекистонлик топилди (видео)
3-саҳифа
−
19 Сентябрь 20955
Украинанинг Киев вилоятида оғир шароитда мажбурий меҳнатга жалб қилиниб, сақланаётган 13 нафар Ўзбекистон фуқароси аниқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.
Қайд этилишича, Хитой Халқ Республикасининг икки нафар фуқароси, бир нафар ўзбекистонлик ва бир нафар украиналик аёл қўлга олинган. Улар 13 нафар Ўзбекистон фуқаросини мажбурий меҳнатга жалб қилиш мақсадида Украинага олиб келишни ташкил этишда гумон қилинмоқда (Украина Жиноят кодексининг 149-моддаси 2-қисми).
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар мажбурлаш ва алдов йўли билан ижтимоий жиҳатдан ҳимоясиз, уй-жойи ва иши бўлмаган, оғир моддий аҳволдаги шахсларни жалб қилган. Жабрланувчилар Украинадан ташқарида топилиб, кейинчалик фойда олиш мақсадида Киев вилоятига мажбурий меҳнат учун олиб борилган.
Тутқунларни назорат қилиш учун зўравонлик ва эркинликни чеклаш усулларидан фойдаланилган. Одамларни камситиш даражаси шу қадар кучли бўлганки, ҳаттоки ҳожатхонага боришга ҳам қатъий жадвал бўйича рухсат этилган. Энг кичик қоидабузарлик ҳам жазоланган.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари гумонланувчиларнинг яшаш жойлари ва хўжалик объектларида тинтув ўтказган. Текширув давомида 13 нафар Ўзбекистон фуқароси оғир ва ғайриинсоний шароитларда сақланган хоналар, ҳужжатлар, пул маблағлари ва транспорт воситалари аниқланган.
Тўрт нафар қўлга олинган шахсга нисбатан оғир жиноят содир этганлик бўйича айблов эълон қилинган ва уларга нисбатан эҳтиёт чораси қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Россиянинг Қозон шаҳридаги хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш муассасасида 45 кун давомида сақланиб келинаётгани айтилган видео тарқалганди. Бироқ кейинчалик маълум бўлишича, фуқарога нисбатан Қозон шаҳрида эмас, балки Саратов вилоятининг Озинск туманида Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 1.1-қисми (мамлакатда қолиш режимини бузиш) бўйича ҳуқуқбузарлик содир этгани учун маъмурий чоралар қўлланилган ва Россия ҳудудидан мажбурий чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Live
Барчаси