Собиқ президентнинг уйидан ҳайдаб чиқарилган ўғли расмийларга шикоят қилди
Олам
−
16 Сентябрь 13789 4 дақиқа
Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг ўғли Қодир Атамбоев оила аъзоларининг Атамбоевлар оиласига тегишли бўлган Қўй-Тошдаги уйидан ҳайдаб чиқарилгани сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилди. Бу ҳақда кичик Атамбоев ўзининг Instagram’даги саҳифасида пост ёзди.
Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Бош прокуратурага “ноқонуний кўчириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва уй-жойга ноқонуний кириш” борасида йўлланган ушбу аризасида собиқ президентнинг ўғли уйига бостириб кирганларга нисбатан жиноий иш қўзғатишни сўраган.
Кичик Атамбоевнинг сўзларига кўра, 13 сентябрь куни Қўй-Тошдаги қароргоҳга формадаги одамлар келган, уларнинг сони тахминан 100 киши бўлган. Улар суд қарорини тақдим этмаган.
“Ҳатто кўчириш бўйича суд жараёни ҳам бўлиб ўтмади. Ички ишлар вазирининг ўринбосари воқеа жойида бўлиб, қариндошларимизнинг машинасини кутишимизга, ҳатто уй ҳайвонимизни (мушук) олиб кетишимизга ҳам рухсат бермай, тунда ҳудудни пиёда тарк этишга мажбур қилди. Бизга таҳдид қилишди ва “контейнерда яшаш” каби шаънимизни камситувчи сўзларни айтишди”, дейди у.
Унинг ёзишича, кўчириш пайтида нафақат хавфсизлик кучлари қатнашган, балки Қирғизистон Республикаси Президенти маъмурияти раҳбари Қанибек Тумонбоев ҳам у ерда бўлган. Қароргоҳга кириш учун қўшнисининг панжарасидан ошиб ўтиши керак эди. Собиқ сиёсатчининг ўғли Тумонбоев хавфсизлик хизмати билан келган.
“Буларнинг барчаси дам олиш куни ва ҳеч қандай ҳужжатсиз, далолатномасиз ва ҳоказоларсиз содир бўлди. Бизнинг нарсаларимиз кўчага ташланди, уй-рўзғор буюмларининг бир қисми синдирилди. Суд ижрочисининг ҳар қандай қарори,ҳаракати ва кўчириш бўйича суд жараёни устидан шикоят қилиш мумкин. Бизни ҳатто бу ҳуқуқдан, судга бериш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилишди”, дея ёзади у.
Қодир Атамбоев оиласига нисбатан содир этилган қуйидаги қонунбузарликларни кўрсатди: уй-жойга ноқонуний кириш ва ва ўзбошимчалик билан ҳокимиятни суиистеъмол қилиш.
Бир неча кун олдин Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг оила аъзолари Атамбоевлар оиласига тегишли бўлган Қўй-Тошдаги уйидан ҳайдаб чиқарилганди. Атамбоевнинг ўғли ўшанда Бишкек туман судининг қарори билан 30 га яқин одам, жумладан, полиция вакиллари саройга келганини айтганди. Қодирбек расмийларнинг ҳаракатларини ноқонуний, деб атаганди. Унинг оиласи Олий суд ва Конституциявий палатага мурожаат қилишни режалаштирган эди. Кичик Атамбоевга кўра, давлат Социал-демократлар партияси қароргоҳи ва Медиа Форумни мусодара қилмоқчи.
Ушбу воқеаларнинг силсиласи 2019 йилда Қўй-Тошда содир бўлган ҳодисаларга бориб тақалади. Ўшанда Атамбоевнинг мулки муҳрланган эди. Ижро органи собиқ президентнинг уйини давлат балансига олмоқчи бўлди. Садир Жапаров “у ерда кексалар учун муассаса очамиз”, деди.
Жорий йилнинг июнь ойи бошида Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2019 йилда Қўй-Тош қишлоғида содир этилган коррупция ва тартибсизликлар иши бўйича ҳукм чиқарди. Ҳозирда хорижда бўлган Алмазбек Атамбоев сиртдан 11 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Суд собиқ президентни давлат мукофотларидан маҳрум этиш ва мулкини мусодара қилиш бўйича қарор чиқарди. Ҳукм устидан шикоят қилинган, иш ҳозирда Бишкек шаҳар судида кўрилмоқда.
2022 йил май ойида Давлат мулкини бошқариш жамғармаси Атамбоевнинг Қўй-Тошдаги уйи мусодара қилиниб, давлат мулкига ўтказилганини маълум қилди. Жамғарма ходимлари собиқ президент оиласидан уйдан чиқиб кетишни талаб қилган. Шундан сўнг Атамбоевнинг оила аъзолари уй ҳудудида дам олишга муҳтож болалар учун ўқув-соғломлаштириш спорт мажмуаси очмоқчи эканлигини маълум қилди.
Атамбоевнинг ҳибсга олиниши
Қирғизистонга 2011-2017 йилларда раҳбарлик қилган Атамбоев 2019 йилнинг 8 август куни Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида деярли бир кун давом этган махсус операция давомида қўлга олинган эди. Унга қўйилган барча айбловларни бир неча бор рад этган собиқ давлат раҳбарининг тарафдорлари қаршилик кўрсатган ва махсус бўлинманинг бир зобити операция давомида ҳалок бўлган. Тўқнашув вақтида 100 дан ортиқ одам, жумладан, полициячилар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Собиқ президент ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан зўравонлик қўллаш, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотиллик, қотилликка уриниш, шунингдек, гаровга олишни ташкил этиш, Бишкек Иссиқлик электр станциясини реконструкция қилишдаги коррупция, Бишкекдаги “Форум” саноат гуруҳи биноси билан ноқонуний битим тузиш, Қўй-Тош қишлоғи ва Иссиқкўл вилоятидаги ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш айбловлари қўйилган.
Собиқ давлат раҳбари 2020 йил ёзида 11 йил-у 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Кейинчалик Атамбоевга қўйилган баъзи айбловлар олиб ташланган, 2022 йил июнида эса у 2020 йил октябрь ойида Бишкекда оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб, оқланган эди.
Суд қарори билан 2023 йил 14 февралда 3,5 йил тартибли колонияда ўтирганидан сўнг озодликка чиқди ва республикани тарк этди. Жорий йилнинг 3 июнь куни эса Бишкекнинг Первомай туман суди Қўй-Тош воқеалари бўйича ҳукм чиқарди. Собиқ президент Алмазбек Атамбоев мол-мулки мусодара қилиниб, давлат мукофотларидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Ишдаги бошқа айбланувчиларга ҳам турли муддатлар берилди. Аммо орадан бир қанча вақт ўтиб, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбоевга нисбатан чиқарилган суд қарорига изоҳ берди ва уни афв этишга тайёрлигини айтди.