Мирзиёев Покистон халқига таъзия йўллади
Жамият
−
17 Август 15062 1 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Покистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида юз берган кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Президент Асиф Али Зардарий ва Бош вазир Шаҳбоз Шарифга таъзия йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Маълумот учун, Покистон шимолида кучли ёмғирлар сабаб юзага келган сув тошқинлари оқибатида 16 август ҳолатига кўра, камида 330 киши ҳалок бўлди. Хайбер-Пахтунхва ҳудудида 307 киши, Гилгит-Балтистон ҳудудида 12 киши ва Озод-Кашмир ҳудудида 11 киши вафот этган. Қутқарувчилар тоғли ҳудудларда қолиб кетган 1300 туристни эвакуация қилган. Охирги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 350 кишидан ошган.
Тошқинлар Бунер, Сват, Мансехра, Баджаур ва Баттаграм каби ҳудудларда уйлар, корхоналар ва инфратузилмага жиддий зарар етказди. Хайбер-Пахтунхва вилоятининг бир қанча ҳудудлари табиий офат зоналари деб эълон қилинди. Мамлакат шимолида кучли ёмғир 21 августга қадар давом этиши кутилмоқда.