Хотинини урган қозоғистонлик дипломат 6 йилга қамалди

Олам

image

Бугун, 18 июль куни Қозоғистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонасининг собиқ маслаҳатчиси, дипломат Сакен Мамаш аёлига нисбатан мунтазам зўравонлик қилгани учун суд томонидан 6 йил озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Vlast.kz” хабар берди.

2024 йилнинг май ойида дипломатнинг рафиқаси Карина Мамаш деярли 10 йил давомида доимий равишда эри томонидан калтакланиб келганини оммага очиқлаган. Бу баёнот ортидан Сакен Мамаш БААдан Қозоғистонга чақириб олинган ва унга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши очилган.

2024 йил июнь охирида эса у хотинининг синглисини калтаклагани учун 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси олган. 2024 йил октябрда Карина Мамаш расмий равишда ажрашганини эълон қилган.

Суд қарорига кўра, Сакен Мамаш Қозоғистон Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми (қийноқ) бўйича айбдор деб топилган ва ўрта хавфсизликдаги жазо муассасасида 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, суд қарорига кўра, Жиноят кодексининг 49-моддаси асосида Мамаш биринчи тоифадаги дипломатик унвонидан ҳам маҳрум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 9 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевнинг турмуш ўртоғи Салтанат Нукенова тан жароҳати олиб, Остонадаги ресторанлардан бирида вафот этганди. Унинг суд жараёни очиқ режимда ўтди ва Қозоғистон Республикаси Олий судининг YouTube-каналида онлайн трансляция қилиб борилган. Суд жараёнида ҳакамлар ҳайъати иштирок этган. Салтанат Нукеновани ўлдириш ва қийноқлар қўллашда айбланиб, Куандик Бишимбаев 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон дипломат Сакен Мамаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг