“Зомин қозон патири” патентланди
Жамият
−
11 Июль 7215 2 дақиқа
“Зомин қозон патири” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, “Зомин қозон патири” Ўзбекистон давлат реестрида 20-географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтган бўлиб, унинг номи, сифати ва келиб чиқиш манбаи қонуний ҳимояга эга бўлади.
Маълумот учун, географик кўрсаткич – бу маҳсулотнинг маълум ҳудудга хослиги ва унинг сифати, машҳурлиги ёки бошқа белгилари ўша ҳудуднинг табиий, инсоний ва тарихий омилларига чамбарчас боғлиқ бўлганини ифодаловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.
“Зомин қозон патири” – Жиззах вилоятининг Зомин туманида қадимдан тайёрланадиган нон маҳсулоти бўлиб, алоҳида қорилган хамир, маҳаллий сут ва сариёғ билан қозонда пиширилади. У ўзининг ноёб таъми ва сифат хусусиятлари билан ажралиб туради.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 24 август куни “Ғиждувон шашлик”, 2024 йил 8 январь куни эса “Ғузор тандир гўшти”, жорий йил 4 февраль куни дунёга машҳур “Самарқанд нони” ва июнь ойида “Хоразм тухумбараги”, “Андижон дўпписи”, “Сўқоқ сомсаси”, “Самарқанд нўхат шўраги” ҳамда “Самарқанд қоғози” географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилганди.
Live
Барчаси