“Самарқанд нони” ҳам патентланди
Жамият
−
05 Февраль
15407“Самарқанд нони” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 4 февраль куни дунёга машҳур “Самарқанд нони” Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ва “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасасининг кўмаги билан географик кўрсаткич сифатида Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Адлия вазири Акбар Тошқулов кеча, 4 февраль куни Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевга “Самарқанд нони” географик кўрсаткич ҳужжатини топширган.
Маълумот учун, Адлия вазирлиги географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади. “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги қонунга кўра, товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилади. Унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 24 август куни “Ғиждувон шашлик”, 2024 йил 8 январь куни эса “Ғузор тандир гўшти” географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилганди.