Ўзбекистонликлар ҳам Эрондан эвакуация қилинди
Олам
−
16 Июнь 4399 2 дақиқа
Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик ортидан Ўзбекистон фуқаролари Туркманистон орқали Эрондан эвакуация қилинди. Бу ҳақда Туркманистон Ташқи ишлар вазилриги хабар берди.
Қайд этилишича, Яқин Шарқда юзага келган вазият билан боғлиқ равишда Туркманистон томонидан хорижий дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек ҳозирда Эрон ҳудудида бўлган бошқа фуқароларнинг чиқиб кетиши учун ўз ҳудудини тақдим этиш бўйича зудлик билан чоралар кўрилмоқда.
Бугунги кунга қадар Туркманистон давлат чегарасини назорат-ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Руминия ва бошқа давлатлар фуқароларидан иборат тахминан 120 киши кесиб ўтган.
Уларга автотранспорт, овқат, меҳмонхона хизмати ва зарур биринчи эҳтиёж воситалари тақдим этилган.
“Гуманитар миссияни амалга ошириш доирасида Туркманистоннинг тегишли давлат органлари хорижий давлатларнинг дипломатик миссиялари ва халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қилмоқда. Шу муносабат билан Туркманистон БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ушбу давлат ташаббуси билан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида инсонпарварлик, халқаро ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилларига содиқлигини амалда тасдиқламоқда”, дейилади хабарда.
Эсалтиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ва Россия фуқаролари ҳам Эрондан эвакуация қилинганди.
Исроилнинг Эронга ҳужуми
13 июнь куни Исроил Эронга қарши зарба беришни бошлади ва бу операцияни “Шерлар олами” деб номлади. Зарба объектлари сифатида Теҳрон, Натанз, шунингдек, Кирмоншоҳ ва Харамобод ҳудудлари танланган. Ҳужумларда ҳарбий базалар, Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва Эрон Исломий инқилобий гвардияси вакиллари жойлашган турар жой мажмуалари нишонга олинган.
Исроил зарбалари оқибатида бир неча юқори лавозимли ҳарбий хизматчилар ва ядровий физиклар йўқ қилинган. Қолаверса, тинч аҳоли орасидан ҳам 60 киши вафот этгани тахмин қилинмоқда.
Эроннинг Исроилга жавоби
13 июнь куни тундан 14 июнь тонгига ўтар чоғи Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг, Эрон Исроилга қарши ўз жавоб зарбаларини йўллади. Эрон ҳарбий кучлари томонидан Исроил ҳудудига қарата 200 дан ортиқ дрон ва баллистик ракеталар учирилган. Исроил Мудофаа кучлари ушбу зарбаларни тасдиқлаган ва ҳаво мудофаа тизимлари зудлик билан ишга туширилган. ЦАХАЛ расмий баёнотида айтилишича, Исроил ҳаво мудофааси катта миқдордаги ҳужумчи дрон ва ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 дан ортиқ киши жароҳат олган.
Live
Барчаси