Алиментдан қочган ота бу сафар қудуқ ичидан чиқди

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятида алимент тўлашдан бўйин товлаган ота қудуқ ичидан топилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Юқори Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро 1 нафар фарзанди учун алимент тўлаши керак бўлган, лекин ота ушбу алимент пулларини тўламасдан бўйин товлаб келган.

Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) 1-қисмига асосан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланган. Махсус ходимлар томонидан қарздорни қидириб топиш бўйича олиб борилган ишлар давомида у ўз яшаб турган хонадонида жойлашган қудуққа яшириниб олгани аниқланган.

Айни дамда қарздордан алимент пулларини ундириш, қарздорлик қопланмаган тақдирда унга нисбатан қонун доирасида жавобгарликка тортиш масаласи кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада алимент тўлашдан қочиб, парда ортига яширинган ота қамалганди. Ўтган йили Қашқадарёда алимент тўламасдан қочиб юрган эркак уйидаги кўрпалар тагидан, Наманганда ва Сурхондарёда уй ертўласидан, Хоразмда товуқ фермасидан, Фарғона шаҳрида тунги клубдан, Андижонда холасининг ва Бухорода бувисининг уйидан топилганди. Шунингдек, илгарироқ Сурхондарё вилоятида вояга етмаган бир фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлаган ота укасининг никоҳ тўйида ушланганди. Андижон вилоятида эса алимент тўлашдан қочиб юрган ота ўз уйининг қурилиши тугалланмаган ҳудудида шифер ортидан топилган. Қолаверса, Тошкент шаҳар Юнусобод туманида уч нафар фарзандини моддий таъминлашдан қочиб юрган ота охир-оқибат қидирув орқали девор ортидан топилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент вилояти алимент қудуқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг