Лавров Марказий Осиёнинг ЕИ билан ҳамкорлик соҳаларига эътироз билдирди
Олам
−
23 Апрель 24870 3 дақиқа
Россия Ғарбнинг Марказий Осиё минтақасида “ҳукмронлик ўрнатишга уринишларига кескин қарши”. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бугун, 23 апрель куни Самарқандда Ўзбекистонга ташрифи ва республика раҳбарияти билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Марказий Осиё – Россия” ва “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Лавров бундай форматлардаги ҳамкорлик фақат ўзаро манфаатли ва ушбу жараённинг барча иштирокчиларига мос келадиган келишувларга асосланиши мумкинлигини таъкидлади.
“Биз ҳамкорлик жараёнларини сиёсийлаштиришга, у ёки бу гуруҳ давлатлари томонидан ушбу ва бошқа геосиёсий маконларда ҳукмронлик ўрнатишга уринишлар билан боғлиқ мафкуравий элементларнинг киритилишига мутлақо қаршимиз. Афсуски, иккинчи турдаги уринишлар ғарблик ҳамкасбларнинг ёндашувларида яққол кўзга ташланади. Европа Иттифоқи аъзолари бу ерда айниқса ажралиб туради”, деди Лавров.
Россия Ташқи ишлар вазирининг фикрича, Европа Иттифоқи раҳбарияти ўз кун тартибини очиқ Россияга қарама-қаршилик билан олға силжитишга ҳаракат қилмоқда.
“Биз иттифоқчиларимиз ва стратегик ҳамкорларимизнинг кўп векторли сиёсат олиб боришига қарши эмасмиз. Аммо Марказий Осиёнинг айрим ҳамкорлари ўзаро манфаатли лойиҳаларни таклиф қилишдан кўра, минтақа давлатларининг давлат тузилмаларига, жумладан, чегара ҳудудлари, статистика, божхона каби нозик соҳаларга кириб боришга қаратилган дастурларга маблағ ажратиш орқали ўз манфаатларини кўзлашга ҳаракат қилсалар, буни маъқуллаб бўлмайди, албатта. Марказий Осиё давлатлари эса буни кўриб турибди”, дея иддао қилди Лавров.
Ўзининг матбуот котиби Ўзбекистондаги мактабда содир бўлган оддий ҳодисага аралашган Лавров Россия давлатларнинг ички ишларига аралашишга қарши эканини таъкидлади.
“Биз ҳеч қачон ўзимизга ҳеч ким билан бундай иш қилишга рухсат бермаймиз”, деди у.
Шунингдек, Лавров кузда “Марказий Осиё-Россия” саммити бўлиб ўтишини эълон қилди.
“Биз МДҲ, ШҲТ доирасида ҳамда “Марказий Осиё “бешлиги” плюс Россия механизми доирасида, шу жумладан яқинда 11 апрель куни Олмаотада бўлиб ўтган ушбу форматдаги Ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишини ҳисобга олган ҳолда ҳамкорликни мустаҳкамлаш режалари ҳақида гаплашдик”, деди вазир.
Унинг айтишича, 11 апрель куни Олмаотада ўтган Ташқи ишлар вазирлари йиғилишининг асосий мақсадларидан бири кузда ўтказилиши режалаштирилган “Марказий Осиё-Россия” саммитига тайёргарлик кўриш бўлган.
Вазирнинг таъкидлашича, бу форматдаги саммит “октябрь ойида Душанбеда бўлиб ўтадиган МДҲ саммити доирасида” бўлиб ўтади.
Маълумот учун, биринчи Марказий Осиё-Россия саммити 2022 йил октябрь ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров кеча, 22 апрель куни Ўзбекистонга келди. Сергей Лавровни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кутиб олди. Бугун, 23 апрель куни у Самарқанд шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйиш чоғида у ерда ёзилган гаплар рус тилида ҳам келтирилмаганини айтиб, норози бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров мазкур ҳолатга муносабат билдириб, рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўраётганини айтди.
Лавровга қайтадиган бўлсак, у Бахтиёр Саидов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Лавров Ўзбекистон раҳбариятига Россиянинг Украина инқирозини ҳал қилиш учун АҚШ билан алоқалари ҳақида ахборот берганини айтди. Шунингдек, у Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан Россияга бораётган меҳнат мигрантлари рус тили ва Россия қонунларини билиши кераклигини таъкидлади.
Live
Барчаси