Наманганда Spark'ни ижарага олган ўқувчилар аварияга учради (видео)
3-саҳифа
−
19 Апрель 2025 6088 2 дақиқа
Жорий йилнинг 15 апрель куни Наманган вилоятининг Янги Наманган туманида ўқувчилар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Янги Наманган туманидаги 70- сонли мактабнинг 2 нафар 8-синф ўқувчиси Теlegramʼдаги автомашиналарни ижарага бериш билан шуғулланувчи гуруҳдан Spark автомашинасини 1 миллион сўм эвазига 8 соатга ижарага олган.
Улар машинани катта тезликда бошқариб кетаётганида йўл четидаги бетон тўсиққа бориб урилган. ЙТҲ оқибатида болалар турли тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.
“Энг ачинарлиси, ушбу болалар таҳсил оладиган мактабда вилоят ЙҲХБ томонидан муҳокама йиғилиши ўтказилган эди. Айнан шу болаларнинг вояга етмаган ҳолда автомашина бошқаргани учун уларнинг ота-оналари, устозлари, масъуллар огоҳликка чақирилган эди. Боланинг тегишли хулоса чиқармагани уни ҳалокатга етаклади”, дейилади хабарда.
Хабарга кўра, болаларга машинани ижарага берган шахснинг ўзи ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган. У машинани жорий йилнинг 12 апрель куни Тошкент шаҳрида яшовчи фуқародан сотиб олгани аниқланган. Машина эгаси қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, бу хатони қайта такрорламаслигини айтган.
ЙТҲ содир этган ўқувчилардан бири соатига 120 тезликда машинанинг тормози ишламай қолгани, машина ижараси учун пулни отасининг ишхонасидан олганини, бундан эса унинг хабари бўлмаганини айтган.
Боланинг отаси бундай ҳолатлар Наманган вилоятида жуда кўплаб учраётганини айтиб, машинасини вояга етмаганларга ижарага бераётган “тадбиркор”ларни пул учун виждонини сотмасликка чақирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 апрель куни Наманган вилоятининг Давлатобод туманида мактаб ўқувчилари бошқарувидаги Nexia-3 юк машинаси билан тўқнашиб кетганди. Суриштирув ишлари давомида маълум бўлишича, 11-синф ўқувчиси автомобилни 9-синф ўқувчиларига 2 соатга, 220 минг сўм эвазига ижарага берган.
Live
Барчаси