Курс UZS

USD

12 968.38

-4.93

EUR

14 343.03

14.01

RUB

152.37

1.18

Мирзиёев Тошкентга келган парламент раҳбарларини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 апрель куни Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеясида иштирок этиш учун Тошкентга келган Озарбайжон, Беларусь ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари делегациялари раҳбарларини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Раиси Соҳиба Гафарова билан учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Иқтисодий ҳамкорлик йили доирасида биргаликда самарали ишлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

“Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари фаол паллага кирган. Маданий-гуманитар тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш ва бўлажак олий даражадаги саммитлар учун янги таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида парламентлар ўртасида яқин амалий ҳамкорликни ва фаол алмашинувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди”, дейилади хабарда.

Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова билан учрашув аввалида ҳам Беларусь делегацияси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Александр Лукашенконинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон-Беларусь муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Товар айирбошлаш ҳажми жадал ортиб бораётгани, саноат ва қишлоқ хўжалигида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик самарали бўлаётгани, маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.

“Фаол парламентлараро мулоқотни давом эттириш, шу жумладан олий даражада эришилган келишувларнинг парламент назоратини таъминлаш ва ўз вақтида бажарилишига кўмаклашиш муҳим экани таъкидланди”, дейилади хабарда.

Президент Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Ерлан Кошанов, Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Нурланбек Турғунбек ўғли, Тожикистон Республикаси Мажлиси Намояндагон Раиси Файзали Идизода ва Туркманистон Мажлиси Раиси Дунёгўзал Гулманова билан қўшма учрашув ўтказди.

Юқори мартабали меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президентига ўз мамлакатлари етакчиларининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказдилар, минтақамизда илк бор ўтказилаётган ушбу халқаро тадбирнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, 4 апрель куни Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” биринчи саммити ва Иқлим форумининг самарали натижалари юксак баҳоланди. Олий ва юқори даражадаги фаол мулоқотлар алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Яқинда минтақада ўтказилган учрашувлар, жумладан, чегараларни делимитация қилиш масалалари тўлиқ тартибга солингани ҳамда Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзолангани тарихий аҳамиятга эга экани таъкидланди.

“Кейинги йилларда минтақа мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми кўп карра ошди, чегараолди савдо зоналари ташкил этилмоқда. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида, шу жумладан мамлакатларимиз ҳудудларида кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Маданият ва таълимда тадбирларга бой дастурлар рўёбга чиқарилмоқда”, дейилади хабарда.

Учрашувда мамлакатлар ва халқларни янада яқинлаштириш, қўшма кооперация ташаббуслари ва лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувни кенгайтириш мақсадида парламентлараро мулоқотни, шу жумладан қўмиталар даражасида мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 7 апрель куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ялпи мажлисида қатнашган эди. Шундан сўнг, у Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенкони қабул қилди. У билан мулоқот давомида Мирзиёевнинг Россия пойтахти Москвада бўлиб ўтадиган Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросимда иштирок этиши ҳам муҳокама қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Шавкат Мирзиёев Тожикистон Ўзбекистон Озарбайжон Қирғизистон Туркманистон Беларусь Ерлан Кошанов Парламентлараро иттифоқ Соҳиба Гафарова Наталья Кочанова Нурланбек Турғунбек ўғли Файзали Идизода Дунёгўзал Гулманова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг