Ҳаммага керак бўлган Марказий Осиё
Таҳлил
−
06 Апрель
9736Кўҳна Самарқанд 3-4 апрель кунлари ўзининг 500 йил олдинги шаклига қайтгандек бўлди. Шаҳарда тарихдаги биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб, дунёнинг аксар қисми диққат марказида бўлган жараёнлар кузатилди. Унда Европа ва Марказий Осиё муносабатларида мутлақо янги даражага чиқилди деб бемалол айтиш мумкин. Хусусан, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи орасидаги муносабатлар стратегик даражага кўтарилди. Қуйида саммит ва ундан сўнг ўтказилган иқлим форумидаги энг асосий ва муҳим воқеликларга батафсил тўхталамиз.
Самарқандда ташкиллаштирилган ЕИ-МО саммити ва иқлим форумида қатнашиш учун дастлаб, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта Еврокомиссия Президенти Урсула фон дер Ляйен 2 апрель куни Самарқандга етиб келди ва эртаси куни, 3 апрелда Европа етакчилари Самарқанддаги тарихий масканларни зиёрат қилди.
Конгресс маркази эса шу куни қатор жиддий учрашувлар ва шартномаларнинг гувоҳига айланди. Президент Мирзиёев у ерда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассони қабул қилди. Шундан сўнг президент Мирзиёев бу ерда Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен билан учрашув ўтказди. Суҳбат давомида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев Европа етакчиларидан шу йил охирида Брюсселга бориш таклифини олди. Музокаралардан сўнг етакчилар ҳузурида Тошкент шаҳрида Европа инвестиция банкининг минтақавий офисини очиш бўйича битим имзоланди. Кейин етакчилар Конгресс маркази хиёбонида икки туп эман экди ва Фон дер Ляйен кейинги сафар Самарқандга келганида ўзи эккан дарахтни қандай ўсганини текширишини айтди.
Шундан сўнг Мирзиёев европалик етакчиларни Самарқанд Халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасига олиб борди. Бу орада эса Марказий Осиё давлатлари Президентлари бирин-кетин Самарқандга етиб кела бошлади.
Саммитнинг асосий қисми эса 4 апрель куни бўлди. Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Сердар Бердимуҳамедовни Конгресс марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев навбат билан кутиб олди. Кутиб олиш маросими ва қўшма фотосуратдан сўнг делегациялар раҳбарлари саммитда иштирок этиш учун залга ўтди. Саммит давомида муҳим таклифлар муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокараларни қўллаб-қувватлашини билдирди ва жаҳон ҳамжамияти Афғонистон ҳудудидан келиб чиқадиган барча таҳдидларни етарлича баҳолай олмаётганини айтди.
Президент Мирзиёевнинг айтишича, афғон томонини минтақавий иқтисодий жараёнларга, жумладан, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани қайта тиклаш йўли билан фаол жалб этиш зарур. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари хавфсизликка нисбатан умумий таҳдидлар, хусусан, терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик тобора долзарб бўлиб бораётганини таъкидлади.
Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта ҳам Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши ва Иттифоқ Марказий Осиё мамлакатлари билан биргаликда глобал барқарорликка ҳисса қўшиш истагини билдирди. Ўз нутқини машҳур сайёҳ ва тарихчи Ибн Баттутанинг Самарқанд ҳақидаги хотираларидан бошлаган ЕК президенти Урсула фон дер Ляйен эса “Биз, европаликлар, сизнинг минг йиллик тарихингиздаги янги даврда сизлар билан бирга бўлишни истаймиз”, деди. У шунингдек, Европа ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида “янги стратегик шериклик даври” бошланганини эълон қилди. Урсула фон дер Ляйен томонидан Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлиги учун қуйидаги тўрт устувор йўналиш белгилаб берилди:
- Транспорт коридорлари – ЕИ Транскаспий транспорт йўлакларини, хусусан, Ўзбекистон орқали ўтувчи йўлларни қўллаб-қувватлашга тайёр;
- Критик хомашё – ЕИ Марказий Осиёдан фойдали қазилмаларни сотиб олиш, қайта ишлаш, мутахассислар тайёрлаш лойиҳаларига сармоя киритади;
- “Яшил” энергетика – ЕИ тоза энергия, шу жумладан шамол, қуёш ва гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиради;
- Глобал рақамли инфратузилма – ЕИ Марказий Осиёда мустақил интернет тармоқларини яратиш, хусусан, спутник интернетни жорий этиш орқали рақамли суверенитетни қўллаб-қувватлашни истайди.
Саммит доирасида нутқ сўзлаган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса Президент Шавкат Мирзиёев каби аввало Украинада тинчлик ҳаракатлари учун қадамлар ташланганини қўллаб-қувватлашини билдирди. У мазкур можаронинг энг қийин жиҳатларидан яхшигина хабардорлиги ва бу жараён ижобий якун топишига умид билдирди. Шунингдек, Тўқаев Қозоғистонда қурилиши режалаштирилган АЭСнинг мақсади мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқлигини тушунтирди. Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров эса нутқи давомида 5 кун олдин Ўзбекистон-Қирғизистон-Тожикистон ўртасида имзоланган уч томонлама чегара келишувини ёдга олиб, мазкур қадам минтақа барқарорлиги ва хавфсизлиги учун катта аҳамият касб этишини таъкидлади. У ЕИнинг транспорт соҳасига йўналтирадиган 10 млрд евролик ташаббусини олқишлади. Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлиги шубҳасиз Афғонистондаги вазият билан бевосита боғлиқлиги ва у ердаги беқарорлик тўлқини бутун минтақага экспорт бўлишини истамаслигини таъкидлади.
Шунингдек, Тожикистон Президенти 2037 йилга бориб, ўз мамлакати 100% “яшил” энергия тизимига ўтиши ҳақида оғиз очди. Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳаммедов Европага ўз хомашёси, нефть-газ маҳсулотларини таклиф қилиб, ахборот хуружлари ва киберҳужумларга қарши биргаликда курашишга чақирди. Саммит якунида қўшма декларация қабул қилинди. Ҳужжатда қайд этилишича, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи раҳбарлари ўзгариб бораётган глобал ва минтақавий геосиёсий шароитда ҳамкорликни чуқурлаштиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган ҳолда, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга қарор қилган.
“Барча давлатлар ўзаро муносабатларда куч ишлатиш ёки куч билан таҳдид солишдан тийилиши, халқаро гуманитар ҳуқуққа амал қилиши ва можароларни тинч йўл билан ҳал қилиши кераклигини яна бир бор тасдиқладик”, дейилади ҳужжатда.
Саммит иштирокчилари худди шу контекстда, юқоридаги тамойилларга, хусусан, барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбуриятини олган. Шунингдек, Афғонистоннинг хавфсиз, барқарор ва фаровон давлатга айланиши, барча фуқаролар, шу жумладан, аёллар, қизлар, этник ва диний гуруҳларга мансуб шахслар ҳамда озчилик вакилларининг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурмат қиладиган инклюзив ҳукумат ва бошқарув тизимларига эга бўлишни қўллаб-қувватлашга содиқлик яна бир бор таъкидлаган. Афғонистон ўз ички сиёсатида ҳам, қўшни давлатлар билан муносабатларида ҳам тинчлик тарафдори бўлиши ва халқаро мажбуриятларини бажариши муҳимлиги айтилган. Келишувлар ичида яна бир муҳим нуқта шуки, санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш бўйича алоқалар сақланиб қолиши ва юқори устуворликка эга бўлган маҳсулотларнинг ре-экспортига йўл қўймаслик борасида ҳамкорликда ишлашни давом эттиришга келишиб олинди. Гап қайси санкцияларни четлаб ўтмаслик ва уларга риоя қилиш ҳақида кетаётгани кўпчиликка сир бўлмаса керак.
Самарқандда 4 апрель куни фақатгина ЕИ-МО саммити эмас, балки халқаро иқлим форуми ҳам бўлиб ўтди. Саммитдан сўнг етакчилар Самарқанд халқаро иқлим форумида ҳам иштирок этди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2040 йилга бориб Марказий Осиё мамлакатлари Амударё ва Сирдарё оқимининг камайиши таъсирида юқори даражадаги сув тақчиллигига дуч келишини маълум қилди. Сув ресурсларини тежаш мақсадида ирригация тармоқларини бетонлаш ишлари олиб борилаётгани, сувни тежайдиган технологияларни ишлаб чиқариш бўйича саноат базаси яратилаётгани, улар суғориладиган ерларнинг деярли ярмида, яъни қарийб 2 миллион гектарда жорий этилгани таъкидланди. Бундай чора-тадбирлар натижасида ўтган йили қарийб 8 миллиард куб метр сув иқтисод қилинган. Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бу соҳада минтақавий дастурни ишга туширишга чақирди. Тадбир аввалида унинг иқлим масалалари ва “яшил” энергия истиқболларига бағишланган “Янги Ўзбекистон яшил тараққиёт йўли” номли китоби мақтовларга сазовор бўлди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Самарқанддаги иқлим форумида онлайн тарзда чиқиш қилди. Шу тарзда қолган етакчилар ҳам навбати билан сўзга чиқди. Еврокомиссия раҳбари иқлим масалаларига жиддий қарашга чақирди. Урсула Фон дер Ляйен Самарқанддаги иқлим форумида сўзга чиқиб, агар иқлим масалалари бўйича кучли саъй-ҳаракатлар олиб борилмаса, келажак авлод буни ҳеч қачон кечирмаслигини қайд этди.
Саммит ва форум якунлангач, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен матбуот анжумани ўтказиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
“Хитой ва Россия узоқ вақтдан бери Марказий Осиёда фаол. Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларини ўзининг яхшироқ ҳамкор эканига қандай ишонтирмоқчи? Европа Иттифоқи Марказий Осиёга нима таклиф қилиши мумкин?” деган саволга Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйеннинг жавоби қуйидагича бўлди:
“Россия узоқ вақтдан бери ишончли ҳамкор бўла олмаслигини кўрсатмоқда. Айтиш мумкинки, Европа Иттифоқи олдиндан ишончли ва барқарор ҳамкорлик учун эканини исботлаган. Европа Иттифоқи лойиҳаларига назар ташлайдиган бўлсак, биз учун ҳамкорларимиз ҳам улардан фойда олиши муҳим. Юқорида айтиб ўтилган мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Европа Иттифоқи, масалан, муҳим хомашё ҳақида гап кетганда, бутунлай бошқача шерикдир. Ўтмишда Хитой ва Россия кўпинча хомашё қазиб олиб, ўз мамлакатларига олиб кетиб, у ерда қайта ишлаган. Қўшимча қиймат бошқа мамлакатда қўшилган. Шундай қилиб, қазиб олинган мамлакатда қўшимча қиймат қолмаган. Бизда бошқача ёндашув бор. Фикримизча, қўшимча қийматни маҳаллий даражада яратиш жуда муҳим. Шунда у иш ўринларини яратади ва қўшимча қиймат занжири ишлаб чиқарилган мамлакат ичида бўлади. Бизнинг фикримизча, бу истиқболда узоқ муддатли ҳамкорларимиз учун ва Европа Иттифоқи учун ҳам яхшироқ”.
Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта эса бу мавзуда қуйидагиларни қўшимча қилди:
“Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг бешта давлати – биз кўп томонлама тизимни қўллаб-қувватлаш ва қоидаларга асосланган халқаро тартибни ҳимоя қилиш муҳимлиги ҳақида бир хил қарашларга эгамиз. Бу жуда муҳим. Қоидаларга асосланган тартибнинг альтернативи тартибсизликдир ва биз тартибсизликдан қочишимиз керак. Халқаро ҳуқуқ устувор бўлиши лозим. Бу осойишталикни, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилишни, халқаро тан олинган чегараларни ҳурмат қилишни англатади. Биз бир хил қарашларга эгамиз ва сўнгги уч йил давомида бу тамойиллар, бирдамлигимиз ва биргаликда ишлаш қобилиятимиз синовдан ўтказилди. Бу жуда яхши исботланди. Ва шунинг учун биз Украинада ҳам адолатли ва мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун биргаликда ишлашни давом эттиришимиз керак, деб ўйлайман. Чунки бу минтақа Шарқ ва Ғарб, Европа Иттифоқи ва Хитой, Европа Иттифоқи ва Россия ўртасидаги кўприк сифатида тарихий ва географик стратегик минтақадир. Марказий Осиё давлатлари билан ўрнатаётган ўзига хос муносабатларимизнинг қўшимча қиймати ҳам ана шулардир”.
Бугун, 5 апрель кунига келиб, Самарқанддаги тарихий саммит иштирокчилари бирин-кетин ортга қайтди. Марказий Осиё президентлари ўз мамлакатларига қайтди. Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ҳам Ўзбекистонга ташрифини якунлаб, жўнаб кетди. Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
LiveБарчаси
Тошкентда подстанция ёниб кетди.
11 Апрель
Тренддагилар




