4 йилда маст ҳайдовчилар сабаб 322 киши ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
15 Март
986Ўзбекистонда 2020–2024 йиллар давомида маст ҳайдовчилар сабабли 600 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида 322 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Бу ҳақда кеча, 14 март куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, йиғилишда мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан Жиноят кодексининг 266-моддасига (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар муҳокама қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Олий Мажлис Сенати қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Мазкур ташаббус доирасида парламентнинг юқори палатаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий нормаларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жиноят кодексининг 266-моддасида назарда тутилган қилмиш эҳтиётсизлик оқибатидаги жиноят сифатида эътироф этилса-да, охирги вақтларда бу турдаги қилмишлар йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари, айниқса пиёдалар, велосипед ҳайдовчиларининг ҳуқуқларини очиқ менсимаслик, айниқса муқаддам йўл ҳаракати қоидаларини бузгани ёки йўл-транспорт ҳодисасини содир этгани учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар, шунингдек, мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида бўлган шахслар томонидан содир этилаётгани кузатилмоқда.
Хусусан, 2020–2024 йиллар давомида маст ҳайдовчилар сабабли 600 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида даврда 322 нафар фуқаро ҳалок бўлган. 2024 йилнинг ўзида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар томонидан рўйхатга олинган 405 та ЙТҲ сабабли 94 нафар фуқаро вафот этган.
Бундай ҳолатлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда ва ижтимоий тармоқлар орқали амалдаги қонунчиликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланмоқда.
“Шу боис Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мутасадди вазирлик ва идоралардан олинган фикрлар асосида Жиноят кодексининг 266-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали йўл ҳаракати қоидаларини қўпол бузган ҳайдовчиларга нисбатан жиноятнинг оғирлигини ҳисобга олган ҳолда жазо чораларини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди”, дейилади хабарда.
Йиғилишда Бош прокуратура, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан тақдим этилган таклифлар асосида ишчи гуруҳ томонидан берилган таклифлар муҳокама қилинган.
Жиноят кодексининг юқорида қайд этилган моддасида белгиланган ҳуқуқбузарликни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс ёхуд мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида бўлган шахс томонидан содир этилганда оғирроқ жазо чораларини қўллашни назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳасини тайёрлаш учун масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ шакллантириш масаласи кўриб чиқилган.
Йиғилиш якунида ишчи гуруҳ аъзолари мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари билан биргаликда қонунчилик таклифларини такомиллаштириш ва мазкур соҳадаги қонунчилик нормаларини янада кучайтириш юзасидан ишларни давом эттириш муҳимлигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ҳудудида 2024 йил давомида 1 280 та йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб, мазкур ҳодисаларнинг 1 189 таси тан жароҳати, 91 таси ўлим каби оғир оқибатлар билан якунлангани хабар қилинганди. Шунингдек, 720 та пиёдалар билан боғлиқ, 98 та тезлик билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилган.
LiveБарчаси