Ким Чен Ин урушда Россияга ёрдам беришни буюрди – КХДР ТИВ
Олам
−
01 Ноябрь
6277Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан сўнг Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россия армияси ва халқига ёрдам кўрсатиш бўйича кўрсатма берган. Бу ҳақда бугун, 1 ноябрь куни Шимолий Корея Ташқи ишлар вазири Цой Сон Хи Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан музокаралар чоғида маълум қилди.
“Муҳтарам давлат ишлари раиси ўртоқ Ким Чен Ин “махсус ҳарбий операция” бошиданоқ ҳеч кимга ортга қарамай, рус армияси ва рус халқини муқаддас урушда изчил ва кучли қўллаб-қувватлаш ва ёрдам бериш ҳақида кўрсатма берган эди”, деди КХДР Ташқи ишлар вазири.
Вазир Шимолий Корея “ғалаба кунигача россиялик ўртоқлари билан мустаҳкам туришига” ишонтирди. У, шунингдек, Москва ва Пхеньян юз йиллик истиқболга эга стратегик муносабатларнинг янги даражасига кўтарилганини айтди.
Ўз навбатида, Россия ТИВ раҳбари икки давлат ўртасидаги келишувлар аллақачон амалга оширила бошлаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим Шимолий-Шарқий Осиёдаги ва "бутун қитъамиз бўйлаб кенгроқ" вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган.
“Россия ва Шимолий Корея ҳарбий ва хавфсизлик хизматлари жуда яқин алоқада”, дея қўшимча қилди Сергей Лавров.
Маълумот учун, 24 октябрь куни Давлат думаси Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги стратегик шериклик шартномасини ратификация қилди. У давлатлардан бирига қуролли ҳужум содир бўлган тақдирда зудлик билан ҳарбий ёрдам кўрсатишга мажбур қилади. Ҳужжат Россия ва КХДР раҳбарлари томонидан Владимир Путиннинг июнь ойида Пхеньянга ташрифи чоғида имзоланган эди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 31 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Шимолий Кореядан тахминан 8000 нафар ҳарбий аллақачон Россия-Украина чегарасига етиб борган ва яқин кунларда жанговар ҳаракатларда қатнашишга тайёрланаётганини айтганди. Вашингтоннинг ҳисоб-китобларига кўра, Россияда КХДРнинг тахминан 10 000 ҳарбийси бор. Жанубий Корея бу сонни 11 000 га баҳоласа, Украина эса 12 000 деб ҳисобламоқда. Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида НАТО Бош котиби Марк Рютте Шимолий Корея аскарларининг фронтга жўнатилиши Россия Президенти Владимир Путиннинг умидсизлигидан далолат эканини таъкидлаган эди.
LiveБарчаси