Ким Путин билан тузилган шартнома мазмунини очиқлади
Олам
−
20 Июнь
13732Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россия Президенти Владимир Путин билан имзоланган кенг қамровли стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг мазмунини эълон қилди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Келтирилишича, ҳужжат жами 23 та моддадан иборат бўлиб, уларда савдо-иқтисодий, сармоявий, фан-техника, жумладан, космик ва тинч атом энергетикаси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, дунёда тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга ёрдам берувчи масалалар қайд этилган.
Жумладан, битим моддаларида томонлар миллий суверенитетни ўзаро ҳурмат қилиш, бир-бирининг ҳудудларига тажовуз қилмаслик, ички ишларга аралашмаслик, тенг ҳуқуқлилик ҳамда мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорлик билан боғлиқ бошқа халқаро-ҳуқуқий тамойилларга асосланган ҳар томонлама стратегик шерикликни шакллантириш, ўз давлатларининг қонунлари ва халқаро мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда муносабатларни доимий равишда сақлаб туриш ва ривожлантириш кабилар ўрин олган.
Келишувнинг минтақавий, халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун бир-бири билан ҳамкорлик қилиш борасидаги пункти эса томонларга қуролли босқинчилик ҳаракати содир этилиши мумкинлиги ҳақида тўғридан-тўғри таҳдид юзага келган тақдирда, ҳар икки томон ўз илтимосларига биноан бир-бирларининг позицияларини мувофиқлаштириш бўйича мумкин бўлган амалий чора-тадбирларни келишиб оладилар ва шу мақсадда таҳдидни бартараф этишда ҳамкорлик қиладилар.
Шунингдек, ушбу шартнома кучга кирган кундан бошлаб 2000 йил 9 февралда қабул қилинган “Корея Халқ Демократик Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома” ўз кучини йўқотади. Янги шартнома эса чексиз даврга тузилганлиги айтилган. Агар томонлардан бири шартноманинг амал қилишини тўхтатиб қўйишни хоҳласа, у бошқа томонни ёзма равишда хабардор қилиши керак. Шартноманинг амал қилиш муддати эса ёзма хабарнома олингандан кейин бир йил ўтгач тўхтайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин Шимолий Кореяга боргани ҳақида хабар берилганди. Путин сафари чоғида Кимга лимузин совға қилди. Сўнгра Россия Президенти Шимолий Кореяга ташрифини якунлаб, Вьетнамга етиб борди.
LiveБарчаси