Молдова Президентига COVID-19 ташхиси қўйилди
Олам
−
27 Август
2805Молдова Президенти Майя Сандуга коронавирус (COVID-19)нинг янги турдаги ташхиси қўйилди. Бу ҳақда давлат раҳбари кеча, 26 август куни ижтимоий тармоқлар орқали йўллаган видеомурожаатида маълум қилди.
Президент Молдова Мустақиллик кунига бағишланган тадбирларда қатнаша олмаслигидан афсусда эканини билдирди.
“Азиз дўстлар, азиз фуқаролар. Афсуски, мен COVID билан касал бўлиб қолдим ва бугун ёки эртага оммавий тадбирларда қатнаша олмайман. Мен ўзимни яхши ҳис қиляпман ва одатдагидан бироз чарчоқ сезишдан бошқа ҳеч қандай аломат йўқ. Хатарларни яратмаслик учун мен кейинги бир неча кун ичида изоляцияда қоламан”, дейди Санду.
Давлат раҳбари ватандошларига “COVID йўқолмагани”ни эслатиб, инфекциядан шубҳаланган бўлса, таҳлилдан ўтишга ва шифокорга мурожаат қилишга чақирди.
Молдова Республикасининг Мустақиллик кунини нишонлашга бағишланган барча тадбирлар белгиланган дастурга мувофиқ давом этади.
Пойтахт ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилишича, сўнгги бир ҳафта ичида COVID-19 билан касалланганлар сони 40 фоиздан кўпроққа ошган: 87 киши Кишинёв шифохоналарида, улардан етти нафарининг аҳволи оғир.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда АҚШ Президенти Жо Байденда ҳам COVID-19 тести ижобий чиққанди. Шунинг учун у Делавэрдаги резиденциясида изоляцияда бўлди.
LiveБарчаси