Жанубий Кореяда автобус 32 та транспорт билан тўқнашди (видео)
World
−
11:43 571 1 minute
Жанубий Кореянинг Соннам шаҳрида йўловчи автобуси светофорда тўхтаб турган 32 та транспорт воситасига урилди. Эрталабки тирбандлик вақтида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 48 киши жароҳатланди, улардан олти нафарининг аҳволи оғир. Бу ҳақда “Yonhap“ агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса бугун, 11 ноябрь куни соат 07:34 да Сеул шаҳри жанубидаги Соннам шаҳрининг Бунданг туманида юз берган. 60 ёшлардаги эркак бошқарувидаги шаҳар автобуси светофорда кутиб турган 4 та автобус, 1 та юк машинаси ва 27 та енгил автомобилга урилган. Шундан сўнг, автобус йўл четидаги тўсиққа бориб урилиб, тўхтаган.
Тўқнашувда 48 киши жароҳатланган. Улардан олти нафари оғир тан жароҳатлари олган, бироқ ҳеч бир жабрланувчининг ҳаёти хавф остида эмас.
Полиция маълумотига кўра, автобус ҳайдовчиси маст бўлмаган. У тормоз тизими ишламай қолганини айтган. Айни пайтда терговчилар авариянинг аниқ сабабларини ўрганмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳри Шимолий Голливуд ҳудудида автомобиль метро бекати яқинида пиёдалар ва кўча савдогарлари гуруҳини уриб кетган эди. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлиб, камида яна уч киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Live
All