Зеленский янги Мудофаа вазирига муҳим топшириқ берди
World
−
21:41 1221 2 minutes
Украина Президенти Владимир Зеленский янги тайинланган Мудофаа вазири Евген Хмара олдига Россия ҳудуди ичкарисига берилаётган узоқ масофали зарбалар кўламини кенгайтириш вазифасини қўйди. Бу ҳақда Зеленский кеча, 19 август куни Telegram-каналида эълон қилган видеомурожаатида маълум қилди.
Зеленскийнинг айтишича, Мудофаа вазирлиги Украина қурол ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликни кучайтириб, мамлакат осмонини ҳимоя қилиш имкониятларини ошириши, шунингдек, ҳамкор давлатлар билан мудофаа ва ҳужум операцияларини янада мустаҳкамлаши керак.
“Мен Мудофаа вазирлигидан узоқ масофали зарбаларимиз кўламини кенгайтиришни кутаман“, деган Зеленский.
Унга кўра, янги вазир олдидаги асосий вазифа Украина мудофаа тизимини, қурол-яроғ ишлаб чиқариш ва харид қилиш тизимини ҳамда қўшинларни таъминлаш механизмини қайта ташкил этишдан иборат.
Президент Украина армияси Россия ҳужумларини қайтариш, фронтдаги позицияларни сақлаб қолиш ва фаол операциялар олиб бориш учун барча зарур воситалар билан таъминланиши лозимлигини таъкидлаган.
Зеленский Евген Хмаранинг аввал Украина Хавфсизлик хизматининг “Алфа“ махсус операциялар марказида хизмат қилганини эслатиб, уни натижага ишлайдиган раҳбар сифатида тавсифлаган. Шунингдек, у янги мудофаа вазири билан Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Михайло Драпатий ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини қайд этган.
Евген Хмара кеча, 19 август куни Украина Олий Радаси томонидан мамлакатнинг янги Мудофаа вазири этиб тайинланган эди.
Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти Владимир Зеленский Президент девони раҳбари ўринбосари Ирина Мудрани лавозимидан озод қилганди.
Live
All