Ўзбекистонда 55 йилдан бери деярли учрамаган ноёб кўршапалак топилди
Local
−
18:39 573 1 minute
Ўзбекистон фаунасида илгари қайд этилмаган туркман узунқулоқ кўршапалаги аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, янги тур “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ҳудудида Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти олимлари ҳамда хорижлик мутахассислар иштирокидаги экспедиция давомида аниқланган.
Туркман узунқулоқ кўршапалаги (Plecotus turkmenicus) Марказий Осиёда тарқалган, ўта ноёб ва кам ўрганилган тур ҳисобланади. У ҳақидаги аввалги маълумотлар 1970 йилгача бўлган кузатувлар ва музей экспонатларига асосланган. Сўнгги 55 йил давомида эса бу кўршапалак табиатда деярли учрамаган.
Экспедиция Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) томонидан амалга оширилаётган, Германия Атроф-муҳит вазирлигининг Халқаро иқлим ташаббуси (IKI) молиялаштирадиган “One Health in Nature Conservation” (“Табиатни муҳофаза қилишда ягона саломатлик”) лойиҳаси доирасида ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг давлат рамзлари қаторида Бухоро Хонгули (ноёб буғу тури) тасвирланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All