Бухоро Хонгули давлат рамзига айланадими? (фоторепортаж)

Жамият

image

Ўзбекистоннинг давлат рамзлари қаторида Бухоро Хонгули (ноёб буғу тури) тасвирланиши мумкин. Бу ҳақда жорий йилнинг 18-21 июнь кунлари ўтказилган “Aral sea wetlands” лойиҳаси доирасидаги медиа-экспедицияда сўз борди.
 
“Aral sea wetlands” лойиҳаси қуйи Амударё ва Орол денгизи ҳавзасидаги экотизимлар, биохилма-хилликни асраб авайлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Глобал экологик фонди томонидан 2022 йилда ташкил этилган. Лойиҳа давомийлиги 2026 йил охиригача (4 йил). Дастурнинг умумий қиймати 3 миллион 800 минг АҚШ доллари ажратилган. Ушбу маблағ доирасида мамлакатда тўртта йўналишда – ер, сув деградацияси, биологик хилма-хиллик ва билимларни алмашишдан иборат.


 
Лойиҳа доирасида 100 минг гектар яйлов, тўқай ва тауранг (чўл ва ярим чўл ҳудудларида ўсадиган туранга дарахтларидан ташкил топган табиий ўрмонлар) ўрмонларида ерларни барқарор бошқариш чоралари жорий этилиб, табиий яшаш муҳитларининг емирилишининг олди олинади.
 
Шунингдек, қўриқланадиган ҳудудлар майдони 3 миллион гектардан ортиққа кенгайтирилиб, биологик хилма-хиллик учун муҳим бўлган яна 9 та ҳудуд давлат муҳофазасига олинади. Бу эса, ноёб ҳайвон ва ўсимлик турларини сақлаш, чўлланишнинг олдини олиш ҳамда Оролбўйини асрашга хизмат қилади.


Бундан ташқари, дарё дельталарига зарур миқдорда сув етиб боришини таъминлаш орқали табиий сув ҳавзалари ва суғориладиган ерларнинг экологик ҳолатини яхшилаш кўзда тутилган.

Денгизкўл давлат орнитологлик буюртма қўриқхонаси

Мазкур пресс-тур лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижадорлигини намойиш этиш учун ташкил этилган бўлиб, биринчи манзил Бухоро вилояти Олот туманидаги Денгизкўл бўлди. “Aral sea wetlands” лойиҳаси доирасида мазкур ҳудуддаги сув ҳавзасининг хилма-хиллигини сақлаб қолиш назарда тутилган. Ушбу кўл Туркманистон билан чегара яқинида жойлашган. Кўл чўлнинг ўртасида жойлашгани билан ўзига хос характерга эга. Экспертларнинг сўзларига кўра, Денгизкўл Х асрларда ҳам бу ҳудудда бўлган. Кўлнинг суви шўр бўлгани учун у истеъмолга яроқсиз ва шу сабабли ҳам аҳоли бу ҳудудда қўним топмаган. Кўл – йўловчи қушлар ва бошқа ёввойи табиат учун озуқа, қўноқ ва бошпана вазифасини бажаради.


 

“Бир неча асрлар олдин Зарафшон дарёси Амударёга қуйилган. Шу Зарафшоннинг бир ирмоқларидан бири бўлган. Кейинчалик иқлим ўзгариши суғориладиган ерлар ҳажмининг ортиши оқибатида ирмоқ дарёдан яккаланган. Ҳозирги кунда асосан коллектор-дренаж сувлари оқоваларидан тўйинади.  Денгизкўлнинг ҳажми 40-50 минг гектар ер майдонига эга. Бироқ сўнгги вақтларда сув ҳажми сезиларли даражада камайган. Мазкур лойиҳа доирасида ушбу кўл қуриб қолмаслиги учун доимий сув билан таъминлаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, мазкур объект Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб, яъни 2001 йилда Рамсар халқаро конвенциясига киритилган”, дейди Техника фанлари доктори Малика Икромова.
 

 

Кўл ҳудуди муҳофаза қилиниши учун 1973 йилда қўриқхонага айлантирилган.  Бу ҳудудда сақоқуш, қошиқбурун каби турли хил лойхўраклар ва ёввойи ўрдаклар мунтазам равишда қайд этилади. Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи қизил рўйхатига йўқолиб кетиш хавфи остидаги тури сифатида киритилган оқбош ўрдак алоҳида аҳамиятга эга. Қушлардан ташқари, кўл экотизимида Марказий Осиёнинг чўл ва сув-ботқоқ ландшафтларига хос бўлган турли хил балиқлар, судралиб юрувчилар ҳамда майда сутэмизувчилар яшайди.

Қизилқум давлат тўқай-қумли қўриқхонаси
 

“Aral sea wetlands” лойиҳаси доирасидаги сув ҳавзалари ва ботқоқликлари йўналиши бўйича амалга оширилган ишларни кўздан кечириш учун ташкил этилган медиа-экспедициянинг иккинчи манзили Қизилқум қўриқхонаси бўлди. Қўриқхона Ўзбекистоннинг Туркманистон билан давлат чегараси яқинида Амударёнинг қирғоқбўйи ҳудудида жойлашган.


 
Маъмурий жиҳатдан Бухоро ва Хоразм вилоятларига қарашли. Қўриқхонанинг умумий майдони 10 311 гектарни ташкил этади. Уни ташкил этишдан асосий мақсад – ноёб табиий ландшафтларни, яъни қумли ерлар ва тўқай ўрмонларини муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, шунингдек, уларнинг табиий муҳитда сақланиши ҳамда қайта тикланишини таъминлашдан иборат.
 

“Қўриқхона асосан икки экотизимдан ташкил топган. Биринчиси чўл, иккинчиси тўқай экотизим.  7 200 гектар чўл,  3200 га яқин қисми эса тўқайзорлардан ташкил топган. Бу ер нафақат Ўзбекистоннинг, балки Марказий Осиёнинг асосий ҳудудларидан бири ҳисобланади. Тўқайзор Амударё қирғоқларида жойлашган. Бу ерда асосан уч турдаги – туранғил, ҳар-хил баргли терак ва жийдазорлардан ташкил топган. Тўқайзор шу яқин атрофнинг “ўпкаси” вазифасини ҳам бажаради. Лойиҳа доирасида кузатув миноралар ўрнатилди. 10 та қуёш панеллари ўрнатилди”, дейди Қўриқхона ходими Нурали Раҳмонов.
 

Қизилқум давлат қўриқхонаси ҳудудида иккита асосий табиий зона мавжуд: Амударё бўйидаги тўқайзорлар ва Қизилқумнинг қумли чўл ҳудудларидир. Қўриқхонадаги асосий сув объекти Амударё ҳисобланади. Унинг умумий майдонидан 3177 гектари Амударё бўйидаги тўқай зонасига тўғри келади. Шунингдек, қўриқхона ҳудудидаги Амударё қайирида дарё оқими ҳосил қилган ирмоқлар, ўзанлар ва ороллар бор.
 
Ноёб ва муҳофаза этиладиган тур ҳисобланган Бухоро буғуси ҳамда жайрон  алоҳида табиатни муҳофаза қилиш аҳамиятига эга. Йиртқич сутэмизувчилар орасида бўри, чиябўри, тулки, бўрсиқ ва дашт мушуги учрайди.
 
Орнитофаунаси анча хилма-хил бўлиб, у Амударё қирғовули, сақоқушлар, фламинголар, ёввойи ўрдаклар, лойхўраклар ва кўк каптарларни ўз ичига олади. Мавсумий миграция даврида қўриқхона ҳудуди кўплаб сув-ботқоқ қушлари учун муҳим дам олиш ва озиқланиш маскани бўлиб хизмат қилади. Тўқай ўрмонлари, сув ҳавзалари ва чўл ландшафтларининг уйғунлиги туфайли Қизилқум қўриқхонаси халқаро аҳамиятга молик ноёб табиат мажмуаси саналади ҳамда Марказий Осиёнинг ноёб ва йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутади.
 

Хоразм миллий боғи
 

Хоразм миллий боғи – Ўзбекистоннинг шимолий-ғарбида, Хоразм вилоятида, Амударёнинг қадимги дельтасида жойлашган. Янгидан ташкил этилган муҳофаза қилинадиган ҳудудлар сирасига киради. Миллий табиат боғи Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 декабрдаги 1000-сонли қарори билан ташкил этилган. Ҳудуд Амударё қадимги дельтасининг чап қирғоғи ва Қизилқумнинг ўнг қирғоғидаги кичик бир қисмни эгаллайди. Боғнинг умумий майдони 21 687,5 гектарни ташкил этади. Боғ Хоразм вилоятининг Урганч, Хонқа, Хива, Янгибозор ва Тупроққалъа туманлари ҳудудларида ташкил қилинган.


 
Боғ ҳудуди минтақа орнитофаунасини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда йиртқич қушлар, қирғовуллар, лайлаклар, турналар, сув қушларининг турли хиллари, шунингдек, тўқайзорлар ва сувли-ботқоқли ерлардан уя қуриш, дам олиш ҳамда озиқланиш маскани сифатида фойдаланадиган ноёб ва муҳофаза этиладиган турлар яшайди. Шунингдек, Бухоро буғуси, ёввойи тўнғиз, чиябўри, тулки, бўрсиқ, тўқай қуёни, қум мушуги ҳамда турли хил кемирувчилар учрайди.
 
Тўқай ўрмонлари, чўл ҳудудлари ва сув экотизимларининг уйғунлиги туфайли Хоразм миллий табиат боғи Ўзбекистон шимолий-ғарбидаги биохилма-хилликни асрашнинг муҳим маркази ҳамда экологик туризмни ривожлантириш учун ташкил қилинган.

Қуйи Амударё давлат биосфера резервати (ҚАДБР)

ҚАДБР Қорақалпоғистон Республикаси Амударёнинг қуйи оқимида, Нукус шаҳридан тахминан 90 км, Беруний тумани марказидан эса 44 км масофада жойлашган. Резерват ҳудуди Амударё қайири ҳамда дарёнинг қуйи оқимидаги тўқай экотизимлари билан боғлиқ. Резерват Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 августдаги 243-сонли қарори билан ташкил этилган. У собиқ “Бадай тўқай” давлат қўриқхонаси негизида шакллантирилган бўлиб, унинг ерлари биосфера резервати таркибига ўтказилган.


 
Ушбу ҳудуднинг ўзига хос жиҳати – ҳайвонларнинг кўпайиши учун жуда қулай макон саналишида. Масалан, бир неча йил олдин, дастлаб бу ерга бир неча бош Бухоро Хонгули олиб келинган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 1500 бошдан ошган.
 
“Aral sea wetlands” лойиҳаси раҳбари Акмал Абдуллаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон рамзи бўлган Ҳумо қуши афсонавий қуш, уни кўришнинг имкони йўқ. Аммо Бухоро Хонгули реал ҳаётда бор. Шу боис, бу буғу ҳам мамлакат рамзига айланиши мумкин.

“Британияда шер, Америкада оқ бўйинли бургут, Россияда ўрмон айиғи рамз ҳисобланади. Мана, баъзи жойларда бошқа ҳайвонлар давлатнинг расмий ёки норасмий рамзларидан бири ҳисобланади. Балки, кунлар келиб шундай бўлар-ки Бухоронинг шу Хонгул буғуси Ўзбекистоннинг рамзи ҳисобланиб қолиши мумкин. Бунинг учун тўла асослар бор, чунки унинг иқлими, бу ерда экотизимга, шу экотизимнинг табиий шундай маҳсулоти фақат бизга хос бўлган”.
 

 

“Судоче-Акпетки” давлат буюртма қўриқхонаси
 

Медиа-экспедициянинг навбатдаги манзили Қорақалпоғистондаги Мўйноқ туманида, Амударё дельтасининг чап соҳилида жойлашган “Судоче-Акпетки” қўриқхонаси бўлди.  Тарихан Судоче Амударё дельтасининг энг йирик сув ҳавзаларидан бири бўлиб, Орол денгизи билан ирмоқлар ва каналлар орқали боғланган эди. Бугунги кунда сувнинг саёзлашиши ва сув режимининг ўзгариши туфайли, аввалги йирик сув ҳавзаси бир нечта алоҳида қисмларга бўлиниб кетганлиги сабабли, кўпроқ битта кўл ҳақида эмас, балки Судоче кўллар тизими тўғрисида сўз юритилади. Улар орасида Оққушлар, Катта Судоче, Қоратерен ва Бегдулла-Айдин каби кўллар тилга олинади.


 
Судоче кўли – Амударё дельтасининг чўлланиш шароитида биохилма-хилликни сақлашда муҳим ўрин тутадиган ноёб дельта кўлидир. Бу ерда 230 га яқин қуш тури, жумладан, фламинго, сақоқуш ва кўплаб сув қушларининг турлар яшайди, баҳорги миграция даврида эса уларнинг сони 100 мингдан ошиб кетади. Шунингдек, ҳудудда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 21 турдаги ҳайвонлар, жумладан, туркман қулони, жайрон, қорақулоқ ва оқ думли сувбургут учрайди. Ўзининг юксак табиатни муҳофаза қилиш аҳамияти туфайли, Судоче кўли 2023 йил 30 апрелда халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ҳудуд сифатида Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилган.
 


Экспедиция давомида ОАВ ходимларига лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Лойиҳа 2022 йил тасдиқланган бўлса-да, амалда иш жараёнлари 2023 йилда бошлангани боис, лойиҳада қолиб кетган бошқа ишларни ҳам кенг доирада амалга ошириш учун расман яна бир йил қўшиб бериш ҳақида БМТ ва бошқа алоқадор ташкилотларга тегишли ҳужжатлар тайёрланаётгани маълум қилинди. Ушбу жараёнлар нафақат маҳаллий ОАВларда, балки хорижий нашрларда ҳам ёритиб борилди.


 
Маълумот ўрнида, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида 51 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мавжуд бўлиб, улардан 27 таси юридик (давлат муассасаси) мақомига эга. Бундай ҳудудлар сирасига 7 та давлат қўриқхонаси, 1 та биосфера резервати, 2 та давлат буюртмахонаси, 1 та мажмуавий (ландшафт) буюртмахона, 1 та ихтисослаштирилган парваришхона ва 15 та миллий табиий боғ киради. Яқин йилларда яна 24 та алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудга босқичма-босқич юридик мақомини бериш режалаштирилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

чўлланиш Орол Амударё экотизим Лойиҳа Бухоро Хонгули Aral sea wetlands биосфера

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг