Ўзбекистонда бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилади
Жамият
−
12:04 396 2 дақиқа
Ўзбекистонда энди бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилади. Бу ҳақда бугун, 18 август куни Президентнинг Хивада бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Президент тадбиркорлар кўтарган масалалар асосида янги ташаббусларни эълон қилган. Биринчи йўналиш – тадбиркорлик учун барқарор ўсиш траекториясини таъминлаш.
Банклар кредит портфелида кичик бизнес улуши 45 фоиздан 63 фоизга ошди. Биринчи ярим йилликнинг ўзида кичик ва ўрта бизнесга 76,5 триллион сўм ресурс ажратилган.
Яқинда “кредит хизматлари ягона рақамли портали” ишга тушган. Тадбиркор битта ариза беради, банклар эса мижоз учун рақобат қилади, бизнесни энди бошлаётганлар 5 миллиард сўмгача кредитни онлайн расмийлаштириши мумкин бўлади.
Энди бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилади. Янги тадбиркорлар учун “Бизнес start”, ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун “Бизнес lift”, янги ўсиш босқичига ўтаётганлар учун “Бизнес юксалиш” дастурлари жорий этилади.
“Бизнес старт” доирасида тадбиркорлар сунъий интеллект ёрдамида лойиҳа, кредит ҳужжатлари ва ҳисобот юритишни ўрганади. Бу мақсадга 100 миллиард сўм ажратилиб, тайёр бизнес-режа ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.
“Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз”, дейди давлат раҳбари.
Кичик тадбиркорлар учун энг катта масалалардан бири – гаров таъминоти. Шу боис, бизнеснинг ҳақиқий қийматини баҳолаб кредит бериш имконини яратадиган “контр-кафолат” тизими жорий этилади.
10 миллиард сўмгача кредитда гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини банклар ўз зиммасига олади. Тадбиркорнинг ўзига 25 фоиз гаров топиш кифоя қилади.
“Виртуал солиқ маслаҳатчиси” орқали тадбиркорга харажат ва хатоларни камайтиришга ёрдам берадиган сунъий интеллект портали ишга туширилди. Келаси йилдан бундай “сунъий интеллект ёрдамчилари” қурилиш, меҳнат муносабатлари, ташқи савдо ва давлат хизматларида ҳам жорий этилади.
Иккинчи йўналиш – ҳудудларда “бизнес имкониятлари”ни ошириш. Давлат раҳбари минглаб гектар бўш ер ва самарасиз фойдаланилаётган давлат активлари фақат лойиҳага айланиб, иш ўрни ва экспортга хизмат қилганда ҳақиқий қиймат яратишини таъкидлаган.
Давлат активини сотиб олишда аванс 30 фоиздан 15 фоизга туширилади, олти ойда тўлиқ тўлов қилганларга 25 фоиз чегирма берилади. Сумманинг ярмини тўлаган тадбиркор қолганини 7 йилда фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин бўлади.
Уч ойда сотилмаган давлат мулкининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача камайтирилади. Аукцион муддати ҳам икки баробар қисқартирилади.
Live
Барчаси