Украина Россиядаги йирик нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди
World
−
18:42 876 2 minutes
Бугун, 3 ноябрь куни Украина дронлари Россиянинг Ярославль шаҳрида жойлашган “Славнефть-ЯНОС” нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. Оқибатда корхона ҳудудида йирик ёнғин юзага келди. Бу ҳақда “Meduza” нашри хабар берди.
Гувоҳлар томонидан олинган фото ва видеоларда завод ҳудудида камида 7 та ёнғин ўчоғи кўринади. Уларнинг бештаси йирик, иккитаси эса кичикроқ экани айтилмоқда.
Ярославль вилояти губернатори Михаил Евраев ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ҳужум оқибатида нефтни қайта ишлаш заводи инфратузилмасига зарар етганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, корхонанинг икки ходими снаряд парчалари тегиши оқибатида жароҳат олган.
Шунингдек, уриб туширилган дронларнинг қолдиқлари бир нечта кўп қаватли ва хусусий уйларнинг деразаларига зарар етказган, автомобиллар ҳам шикастланган. Евраев шаҳарга ҳужум қилган 124 та дрон уриб туширилганини билдирган.
Дронлар ҳужуми сабабли Ярославлдан Москвага олиб борувчи йўлда транспорт ҳаракати бир неча соатга тўхтатилган. Жамоат транспорти йўналишлари ҳам ўзгартирилган.
“Славнефть-ЯНОС” Россияда нефтни қайта ишлаш қуввати бўйича бешинчи йирик завод ҳисобланади. Корхона йилига 15 миллион метрик тоннагача нефтни қайта ишлаш имкониятига эга. Украина дронлари аввал ҳам Ярославлдаги мазкур нефтни қайта ишлаш заводига бир неча бор ҳужум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия армияси кеча, 2 ноябрь куни Украинанинг Запорожье вилоятидаги гуманитар ёрдам тарқатиш маркази ва унинг ёнидаги бошпанaга авиабомбалар билан зарба берганди. Ҳужум оқибатида камида 26 киши ҳалок бўлган, яна 5 киши жароҳатланган.
Live
AllSuyultirilgan gaz narxi 15 – noyabrdan oshadi
02 November