Турғуновга берилган жазо эътирозларга сабаб бўлди. Тошкент шаҳар судлари изоҳ берди (видео)

Crime

image

Аввалроқ, BMW билан йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровни уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлган Дониёр Тўрғунов 2 йилдан ортиқроқ вақтга қамалганди. Ижтимоий тармоқларда унга нисбатан тайинланган жазо турли муҳокамаларга сабаб бўлганди, шунингдек, марҳум инспектор Хосилбек Эшназаровнинг отаси ҳам Дониёр Тўрғуновга берилган жазо муддати камлигини билдириб чиққанди. Мазкур ҳукм юзасидан Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати изоҳ берди.

“Қонун устувор бўлган жамиятда жиноятга жазо муқаррар. Жазонинг асосий мақсади эса билиб-билмай жиноятга қўл урган шахсларни ахлоқан тузатиш ва тарбиялашдир. Жазодан мақсад қасос олиш ёки азоб бериш эмас, балки жиноят содир этган шахсни жамиятга соғлом аъзо сифатида қайтариш ҳисобланади”, дейилади Тошкент шаҳар судлари изоҳида.

Билдирилишича, қонунчиликда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят ишларини судда кўриб чиқиш ва уларга жазо тайинлаш масалалари алоҳида тартибга солинган. Хусусан, вояга етмаганларга оид жиноят ишлари ёпиқ суд мажлисларида кўриб чиқилади. Озодликдан маҳрум этиш жазоси эса Жиноят кодексининг 85-моддаси (озодликдан маҳрум қилиш) асосида тайинланади. Бунда жазо умумий колонияларда эмас, балки алоҳида тарбия колонияларида ўталади.

“Қонунчиликдаги мазкур нормалар бежиз эмас. Чунки вояга етмаганлар руҳий, физиологик ва ижтимоий жиҳатдан ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлади. Қайд этилган ҳуқуқий тартиблар жазодан мақсад қайта тарбиялаш эканини яна бир бор кўрсатади”, дейилади муносабатда.

Бундан ташқари, изоҳда суд томонидан жиноят ишидаги ҳар бир ҳолат чуқур таҳлил қилиниб, шундан сўнг қарор қабул қилиниши таъкидланган.

Жумладан, Тўрғуновга жазо тайинлашда унинг мактаб ўқувчиси экани, жиноят содир этилган пайтда ҳали 16 ёшга тўлмагани, шунингдек, уни ахлоқан тузатиш, қайта тарбиялаш ва янги жиноятлар содир этишининг олдини олиш каби омиллар эътиборга олингани билдирилган.

“Жиноят ҳуқуқида вояга етмаганларга нисбатан жазо тизими инсонпарварлик тамойилларига асосланган”, дейилади изоҳда.

Шунингдек, муносабатда мазкур жиноят натижасида бевақт ҳалок бўлган йўл-патруль ходимининг фидойилиги ёш авлодга ибрат бўлиши, вояга етмаган шахснинг қилмиши эса нафақат унинг ўзи, балки ота-оналар учун ҳам аччиқ сабоқ эканини қайд этган.

Якунда эса ҳукм ҳали қонуний кучга кирмагани таъкидланган. Тарафларнинг унга нисбатан шикоят бериш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. Агар ҳукм юзасидан тарафлардан шикоят тушса, иш юқори суд инстанциясида белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, унга ҳуқуқий баҳо берилади.

Ўзи нима бўлган эди?

Жорий йилнинг 25 февраль куни Тошкент шаҳрида соат 21:46 да 2010 йилда туғилган вояга етмаган, хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси Дониёр Турғунов BMW М4 русумли автомашинани ҳайдовчилик гувоҳномасиз бошқариб, Миробод тумани Миробод кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган вақтда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровни уриб юборганди.

Кейинроқ, 3 кун давомида шифокорлар назоратида бўлган ички ишлар органи ходими кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди. Ушбу ходимнинг оила аъзолари давлат муҳофазасига олиниши белгиланди.

Жорий йилнинг март ойида бошида инспекторни уриб кетган ўсмир Дониёр Турғунов қамоққа олингани маълум бўлди. Жиноят иши доирасида Турғунов Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида жалб этилгани хабар қилинди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends