Дониёр Турғунов 2 йилдан ортиқроқ вақтга қамалди
3-саҳифа
−
14:57 4267 2 дақиқа
BMW билан йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровни уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлган Дониёр Турғунов 2 йилдан ортиқроқ вақтга қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 18 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди бўйича (жабрланувчининг вафотига сабаб бўлган даражада қасддан баданга оғир шикаст етказиш) Дониёр Турғуновга (2010 йилда туғилган, хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси) нисбатан юритилган жиноят иши юзасидан ёпиқ суд мажлиси ниҳоясига етган.
Суд ҳукми билан судланувчи Жиноят кодексининг қайд этилган моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилиб, унга нисбатан (ЖКнинг 85-моддаси тартибида) 2 (икки) йил 4 (тўрт) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ҳукмга кўра, жазони ўташ муддати судланувчига нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган 2026 йилнинг 27 февраль кундан бошлаб ҳисобланади.
Якунда раислик этувчи томонидан тарафларга ҳукм мазмуни, жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳамда суд ҳукмига нисбатан шикоят қилиш муддати ва тартиблари тушунтирилган.
Ўзи нима бўлган эди?
Жорий йилнинг 25 февраль куни Тошкент шаҳрида соат 21:46 да 2010 йилда туғилган вояга етмаган, хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси Дониёр Турғунов BMW М4 русумли автомашинани ҳайдовчилик гувоҳномасиз бошқариб, Миробод тумани Миробод кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган вақтда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровни уриб юборганди.
Кейинроқ, 3 кун давомида шифокорлар назоратида бўлган ички ишлар органи ходими кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди. Ушбу ходимнинг оила аъзолари давлат муҳофазасига олиниши белгиланди.
Жорий йилнинг март ойида бошида инспекторни уриб кетган ўсмир Дониёр Турғунов қамоққа олингани маълум бўлди. Жиноят иши доирасида Турғунов Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида жалб этилгани хабар қилинди.
Live
Барчаси